20:56 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ҳибсга олинган блогерлар сони тўққизтага етди

05.09.2018 13:15 msk

Фарғона

24.kz сайти фото-си
Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда диний-маърифий мавзулар-да фаол иштирок этган ва шу сабаб ҳибсга олинган блогерларнинг сони тўққизтага етди. “Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи” (ЎМҲТГ) бошлиғи Суръат Икромов уларнинг кимлигини маълум қилади.

Куни-кеча “Фарғона”да номи тилга олинган Адҳам Олимов (Мусанниф Адҳам, Тошкент шаҳри), Зиёвуддин Кабиров (Тошкент вилояти), Отабек Усмонов (Андижон вилояти), Миразиз Аҳмедов (Тошкент шаҳри), Ҳуршидбек Муҳаммад Розиқов (Қўқон шаҳри) ва Дилшодбек Ҳалилов (Наманган вилояти) дан ташқари Тўлқин Остонов ва Сулаймон Эркинлар ҳам қўлга олинган.

“Ташаббус гуруҳи” тилга олган яна икки блогер — Эъзоз Умаров ва Давронбек Тожиалиев «Фарғона» манбаларига кўра, ҳали озодликда юрибдилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари рўйхатида Шокир Шарипов (Муҳаммад Шукур) ҳам бор, лекин унинг ҳибсга олингани ҳали тасдиқланмаган.

Шу кунларда яна бир блогер - Искандар Садиров (Iskandar Sadirov) Facebookда уни ички ишлар бўлимига чақиришганини ёзган. Кечаги кундан бери унинг телефони ўчирилган ва бу ҳолат унинг ҳисбга олинганидан дарак беради.

Шундай қилиб, бугунги кунда тўққизта одам қўлга олингани тасдиқланган. Бу рақам ўсиши мумкин. Айрим ҳибсга олинган блогерларнинг ўзлари ихтиёрий равишда ички ишлар органига келишган, кейин уларнинг изи “йўқолади”. ЎМҲТГ маълумотларига кўра, айрим ҳолларда милиция ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари блогерларнинг уйларига бориб, тинтув ўтказганлар, компьютер ва телефонларни тортиб олиб, блогерларни ички ишлар бўлимига олиб борганлар. У ерда қўлга олинганларга нисбатан “ҳуқуқ-тартибот органига бўйсунмаганлик” ва “милициянинг қонуний талабларини бажармаслик” тўғрисида баённомалар тузилган ва суд қарори билан блогерлар 15 кунга қамалганлар.

Репрессияга учраган блогерлар ижтимоий тармоқларда минглаб обуначи ва дўстларга эгадирлар. Улар диний мавзудаги мақолалар, бахс-мунозараларни фаол ёритганлар. Улар тилга олган мавзуларда, жумладан, мактаб ўқувчилари учун жорий қилинган ягона мактаб формаси (қизларнинг ҳижобда бўлмаслиги) ва масжидларга болаларнинг қатнаши тақиқлангани танқид остига олинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги