20:59 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Саудия Вақф қўмитаси 3000 нафар ўзбекистонлик ҳаж зиёратчилари учун Маккадаги меҳмонхоналар пулини тўлаб беради

05.09.2018 11:11 msk

Фарғона

Келаси йил Ҳаж сафарида 3000 нафар ўзбекистонлик Макка шаҳридаги меҳмонхоналарда бепул яшаши мумкин. Меҳмонхона ҳаражатларини Саудиянинг Вақф қўмитаси ўз бўйнига олади, деб хабар беради Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг матбуот хизмати.


Ўзбекистонлик зиёратчилар. Uznews.uz сайти фотоси

«Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, “Ҳаж-2018“ мавсумининг ишчи гуруҳ раҳбари Нуриймон Абулҳасан Жидда шаҳрида Мавароуннаҳр вақфлари қўмитаси раиси доктор Ҳабиб Мирза Бухорий ва ушбу қўмита раиси ўринбосари Муҳаммад Амин Мирза Бухорий билан учрашиб, аждодларимиз томонидан қолдирилган вақфларни уларга энг ҳақли бўлган авлодлар – Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам сарфланиши масаласида келишувга эришди», - дейилади хабарда.

Вақф – бу диний атама бўлиб, ислом йўлида фойдаланиши ёки сарфланиши учун ажратилган мулкдир ва у ҳақдорлар томонидан фақат эзгулик йўлида тасарруф этилади.

Ўтган асрнинг 20, 30 - йилларида ўзбек миллати вакилларидан ўн минглаб кишилар хорижий мамлакатларга, жумладан, Саудия Арабистонига чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Улар Саудиянинг Макка, Мадина, Тоиф шаҳарларида таълим, тижорат ва бошқа муҳим жабҳаларда фаолият кўрсатишиб, катта ҳурматга сазовор бўлганлар. Ўзбеклар Макка ва Мадинадаги икки ҳарам - Масжид ул Ҳаром ва расулуллоҳ масжидлари атрофида ерларни сотиб олиб, вақф сифатида авлодларга қолдирганлар. Бугунги кунда ушбу шаҳарларда ўзбеклар томонидан вақф қилинган 300 дан зиёд иморатлар, бинолар, мадраса ва масжидлар фаолият юритади.

Келишувга кўра, келаси ҳаж мавсумида вақфлар даромадидан 3000 га яқин ўзбекистонлик ҳожиларнинг Макка шаҳридаги меҳмонхоналар пули тўлаб берилади. Бу дегани, энди мамлакатнинг 3000 зиёратчиси учун арзон ҳаж тўловлари дастури ишлаб чиқилади. Келажакда бу рақам ортиши мумкин.

“Ҳаж-2018“ мавсумининг ишчи гуруҳ раҳбари Нуриймон Абулҳасан: “Бу янгилик, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг натижаси, уларнинг қутлуғ қадами самарасидир. Шу пайтгача мазкур вақф даромади қўшни давлатлар фуқаролари учун сарфланган. Энди эса бу мерос Мустақиллик байрами туҳфаси ўлароқ унинг асл ҳақдорлари бўлган халқимизга ҳам йўналтирилади”, - дейди.

Ўтган йил сўнггида Саудия Арабистонининг ўзбекистонликлар учун умра зиёратлари квотасини оширгани маълум қилинганди. 2018 йилги умра сафарига 10 минг нафар фуқаро иштирок этади.

Бу йил ўзбекистонликлар учун ҳаж сафари таҳминан $4700 миқдорида бўлган. Матбуотда айрим одамларнинг ҳаж сафари учун йиғиб қўйган маблағларини маҳалласига сув келтириш ёки қабристонларни обод қилиш каби эзгу ишларга сарфлагани хабарлари пайдо бўлди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги