07:44 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Бош прокуроридан ДХХ «жаллод»ларини тизгинлаб қўйишни сўрадилар

04.09.2018 15:11 msk

Фарғона

Фото «Газета.Uz»
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲТГ)нинг раиси Суръат Икромов Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродовга очиқ мактуб билан мурожаат қилди. Унда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Нуриддин Маҳмудов ва Нодир Раҳимовларнинг бир пайтлар қўллаган қийноқлар учун жазоланишдан қочиш мақсадида Туркияда истиқомат қилаётган бизнесмен Му-наввар Ориповнинг оила аъзоларига қилаётган тажовузларидан ҳимоя қилиш ил-тимоси битилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокат Сергей Майоровнинг маълумотларига кўра, Ориповнинг қариндошлари 2016 йили махсус хизматлар томонидан (у пайтлар МХХ деб аталган) қийноқларга солинган ва улар бу борада текширувлар ўтказилиши сўрайдилар. Шу йилнинг 8 август куни ЎМҲТГ мабтуот маркази интернетда “Ўзбекистонда ноқонуний ҳибслар, одамларни қийноққа солиш, қўрқитиш ишлари давом этмоқда. Қўқонлик Ориповлар оиласи МХХ ходимлари томонидан қийноқларга солинган” деб номланувчи мақолани чоп этганидан кейин уларга нисбатан махсус хизматлар томонидан босим янада кучайган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилоти материалларига кўра, Мунаввар Орипов асли қўқонлик, беш фарзанднинг отаси, омадли ишбилармон, ҳозирда Стамбулда истиқомат қилади. Ўзбек махсус хизматлари ходимлари Ориповни Туркияда истиқомат қилаётган, диний ва сиёсий масалада қидирувда бўлган ўзбекистонликлар ҳақида маълумотлар бериш учун ҳамкорликка чорлайди. Бизнесмендан рад жавобини олган махсус хизмат ходимлари унинг оила аъзоларидан ўчини олмоқчи бўладилар.

2016 йили Дубайда бир қадар оиласи билан яшаган Муҳтасар Орипова Қўқонга қайтади. Орадан бир ҳафта ўтгач, ДХХ ходимлари ҳеч қандай ҳужжатларни кўрсатмасдан аёл яшаётган уйни тинтув қиладилар. Тезкор ходимларини Нуриддин Маҳмудов бошқарган.

Муҳтасар Ориповани шаҳар Ички ишлар бўлимига олиб келишади. У ердаги сўроқлардан сўнг, аёлни уришади, камситишади. Махсус хизмат ходимлари аёлнинг оёқларига резинали дубинка билан уриб, уни Ўзбекистон мадҳиясини куйлашга мажбур қиладилар. Мунаввар Ориповнинг акалари, укалари, фарзандлари ҳам қийноқларга дучор бўладилар. Маҳмудов Орипов турмуш ўртоғига уларнинг қизи Ойшани “фоҳишага айлантириб, видеосини интернетга жойлаштириш” билан таҳдид қилади.

Орадан 15 кун ўтгач Ориповани қўйиб юборишади ва ярим йўлда аёлни яна ушлашиб, милиция бўлимига олиб келадилар, у ерда яна тўрт кун қийнайдилар. ДХХ ходимлари аёлни хорижда диний таъқиблар ортидан қочиб юрган одамлар тўғрисида маълумотлар беришни талаб қилиб урадилар.

Ориповани қўйиб юборганларидан кейин милиция ходимлари унинг уйига келиб, рухсатсиз тинтувлар ўтказадилар. Аёл ва унинг акасини яна терговга олиб кетишади, у ердан келаси кун қўйиб юборадилар.

ЎМҲТГ вакиллари ушбу воқеа материалларини ўрганиш мақсадида Стамбулда бўлиб, Орипов оила аъзолари билан учрашадилар ва улар ноқонуний ҳибсга олиш, қийноқларга солиш бўйича Фарғона вилояти МХХ ходимларини жавобгарликка тортишни сўрайдилар.

2017 йил 30 ноябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев судда қийноқлар эвазига олинган далил-исботлардан фойдаланишини тақиқловчи фармонни имзолайди. 2018 йил апрель ойида Ўзбекистон Жиноят кодексига қийноқ усулларини қўллаганларга қарши жазонинг кучайтириши борасида ўзгартиришлар киритилади. Кўзга ташланмайдиган қийноқлар қўллаганлик учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш жазолари қўлланилади. Аввали бунинг учун уч йилдан ошиқ қамоқ жазоси қўлланилмасди. Тана жароҳатларини келтириб чиқарган қийноқлар қўллаганлик учун эндиликда етти йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси берилади. Аввали жазо саккиз йил озодликдан маҳрум этишдан ошмаган. Бундан ташқари, янги ўзгартиришлар шахсни маълум ҳуқуқдан маҳрум этиш чорасини ҳам кўзда тутади. Яъни одамларни қийноққа солиш оқибатида жазоланган ходим ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг эътироф этишларича, Ўзбекистонда терговдаги, ҳибсдаги одамларнинг, оила аъзоларининг ҳуқуқлари доимо ҳимоя остида бўлмайди, қийноққа солиш кенг тарқалган амалиётдир. Бу ҳақда “Орқангда Эрмитаж бор экан. Бобомурод Абдуллаевни қандай қийнаганлар”, “Ўзбекистон: туну-кунги қийноқлар”, “Эзгулик”: Ўзбек қамоқхоналарида зўрланган аёллар сони ортиб бормоқда”, “Ҳуқуқ ҳимоячиси кўзи билан: ўзбек турмалари бўйлаб қисқа саёҳат”, “Ўзбекистон: Тергов ўрнига қийноқлар. Адвокатлар тарихи” материалларида батафсил ўқишингиз мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги