07:06 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент тожик поездларига Ўзбекистон вокзалларидан йўловчиларни олишга рухсат берди

03.09.2018 17:32 msk

Фарғона

Тожикистон транспорт вазирлиги сайти фотоси
Тожикистоннинг транзит поездлари Ўзбекистон ҳудудида йўловчиларни олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бундай рухсат республиканинг Қарши, Термиз ва Самарқанд вокзалларига берилган, деб хабар беради «Азия-плюс» агентлиги Тожикистон транспорт вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда.

Мазкур вокзалларда Тожикистондан келадиган поездларга чипта харид қилиш мумкин. Душанбе-Москва-Душанбе, Кулоб-Москва-Кулоб и Хўжанд-Москва-Хўжанд йўналишлари бўйича қатнайдиган поездларга олдиндан чипта олган ўзбекистонлик йўловчиларга харид муддати ва вагон турига қараб 10 фоиздан 25 фоизгача чегирма берилади.

Тожикистон ва Ўзбекистон темир йўл компаниялари июль ойида мана шундай келишувга эришган.

Узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги транспорт алоқалари икки мамлакат раҳбарияти сиёсати туфайли аянчли аҳволга келиб қолганди. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги автобус алоқалари 1992 йили тўхтатилган, 2011 йили эса ўзбек томони қўшни республика билан боғланган ягона Хашади-Амузанг темир йўлининг ўз ҳудудидаги қисмини бузиб ташлаганди. Шу туфайли Кулоб-Москва поезд қатнови тўхтаб қолганди. Тожик поездларининг Ўзбекистонда пассажирларни тушириши ва олиши тақиқланганди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга президент бўлиб сайланганидан кейин икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқалари тиклана бошланди. Шу йилнинг март ойида Хашади-Амузанг темир йўли тикланди, май ойида эса Кулобдан 2011 йилдан тўхтаб қолган поезд 10 вагон ва 400 нафар йўловчиси билан Ўзбекистон орқали Москва шаҳрига йўл олди.

Бундан ташқари, Хўжанд ва Тошкент ўртасида автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати жами 12 та автобус йўналиши бўйлаб алоқаларни тиклашга келишиб олди. Булар: Душанбедан - Денов ва Термиз, Пенджикентдан — Самарқанд ва Бухоро, Хўжанддан — Тошкент ва Фарғона, Шаҳритуздан — Термиз, Исфара ва Конибодомдан — Қўқон, Андижон, Наманган ва Фарғона шаҳарларига бўлган автобус қатновларидир.

Шунингдек, бугунги кунда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида Душанбе-Самарқанд, Душанбе-Бухоро ва Тошкент-Душанбе йўналишлари бўйлаб авиапарвозлари амалга оширилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги