06:03 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон Ўзбекистонга электр энергиясини еказиб беришни тўрт баробарга кўпайтирди

03.09.2018 15:22 msk

Фергана

RFE/RL фото-си
Июль ойида Тожикистон Ўзбекистонга 417 миллион киловатт-соат электр энергиясини етказиб берди. Бунга қадар Тожикистон қўшни давлатга ойига 110-120 миллион киловатт-соат ҳисобида етказиб бераётганди, деб хабар беради «Тожикистондаги мониторинг ва хабарлар» ҳисоботига таянган ҳолда «Азия-плюс».

Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш 2018 йил апрелида қайта тикланди. Дастлаб кунлик таъминот 672 минг киловатт-соатни ташкил этди. Ўшанда келажакда бу кўрсатгичлар кўпайтирилиши таъкидланганди.

2009 йили Тожикистон Марказий Осиё бирлашган электр энергияси тизимидан узилганидан кейин Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш ишлари тўхтаб қолганди. Тожикистон ўзбек ва қирғиз электр энергиясидан фойдаланадиган шимолий ҳудудларини ток билан таъминлайдиган бўлди. Тожикистон электр энергиясини истеъмол қилувчи Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларини Тошкентнинг ўзи таъминлай бошлади.

2018 йил сўнггига қадар Ўзбекистонга 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси экспорт қилиниши кутилмоқда. Икки мамлакат электр энергияси компаниялари келишувига биноан, ёз палласида Ўзбекистон қўшни республикадан электр энергиясини киловат-соатига икки америка центидан, қиш палласида эса - 2,5 центдан сотиб олади.

Бундан ташқари, ЕИХТ кўмагида иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги томонидан ҳар ойда чоп этиладиган «Тожикистондаги мониторинг ва хабарлар» ҳисоботида Тожикистон июль ойида ўзида ишлаб чиқарилган 20 фоиз электр энергиясини экспорт қилгани ёзилган. Июль ойида мамлакат 2 миллиард 43 миллион киловатт-соат энергия ишлаб чиқарган, ундан 617 миллион киловатт-соати экспорт қилинган.

Ўзбекистондан ташқари Афғонистонга июль ойида 200 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган.

Июнга қадар Тожикистон кўп бўлмаган миқдорда электр энергиясини Қирғизистонга экспорт қилган. Лекин ҳисоботда бу борада маълумотлар келтирилмаган.

Жорий йил бошидан Душанбе 1, 557 миллиард киловатт-соат энергияни четга сотган. «2018-2020 йиллар Тожикистоннинг асосий макроиқтисодий кўрсатгичлари прогнози»га кўра, йил сўнггига қадар мамлакат четга яна 1,4 миллиард киловатт-соат электр энергиясини экспорт қилишни режалаштирган. Лекин бу ҳужжат ўтган йили тайёрланган ва у пайт Ўзбекистонга экспорт қилиш масалалари кўрилмаганди.

Тожикистон ёз палласида катта миқдорда электр энергиясини ички ресурслар ҳисобига ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. «Барки точик» давлат корпорацияси маълумотларига кўра, ҳар йили мамлакатдаги гидро электр станцияларидан 5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини ишлаб чиқаришга қодир сувлар бекордан тўкиб юборилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги