20:55 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қорақалпоғистонлик аёл ўғлининг ногирон бўлиб қолишида милиция ходимларини айблайди

03.09.2018 12:48 msk

Фарғона

Касалхонада ётган Зокир Йўлдошев. Ozodlik.Org сайти фотоси
Қорақалпоғистонлик Гулхон Нуриллаева ИИВ ходимлари ўғлини калтаклаганидан сўнг ногирон бўлиб қолганини айтади. Бу ҳақда «Озодлик» радиоси 3 сентябрда хабар қилади.

Нуриллаеванинг сўзларига кўра, милиционерлар 8 март куни унинг ўғли, 24 ёшли Зокир Йўлдошевни уришган. Зокир бир неча ўртоқлари билан кафеда дам олиб ўтирган. Милиционерлар уларни тарқатади. Тарқалаётган йигитлар ўзаро ҳазиллашиб, қаҳ-қаҳ отиб куладилар. “Устимиздан куляпти”, деб ўйлаган милиция ходимлари Йўлдошевни мажбурлаб автобусга тиқишади. Бунга қаршилик кўрсатган йигитни милиционерлар ерга йиқитиб, ура бошлайдилар. Калтаклаш автобусда ҳам давом этади. Онанинг сўзларига кўра, йигитни кейинчалик милиция бўлимида қаттиқ уришган.

Гулхон Нуриллаева қўлига гувоҳларнинг мазкур воқеани тасвирга олган видеоси келиб тушади. Тасвирда милиционерлар маст холатдаги йигитни ураётгани, ёмон сўзлар билан ҳақоратлаётгани акс этган.

Нуруллаева калтаклар оқибатида ўғлининг ошқозоности бези ёрилиб кетганини айтади. Врачлар Зокирни операция қиладилар, йигит олти кун комада ётади. Йигит касалхонада қирқ кун ётади. Оқибатда у ногирон бўлиб қолади. Нуриллаева ўғлининг оилада рўзғорни тебратаётган ягона инсон бўлганини таъкидлайди.

Она Қорақалпоғистон прокуратурасига шикоят қилади, лекин у ерда милиционерлар ҳаракатида жиноят бўлмаганини айтадилар. Шундан кейин Нуриллаева Ўзбекистон Бош прокуратурасига арз қилади, бироқ ҳозиргача у ердан жавоб олмаган. Аёл Бош прокуратура ҳам милиция ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатишдан бош тортади, деган хавотирда.

Беруний туман касалхонаси ва суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Зокир Йўлдошев автобусга ўтираётганда йиқилиб, шикастланган. Мустақиллик байрами туфайли журналистлар ички ишлар органи ходимларидан изоҳ ололмаганлар.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлганидан кейин 2017 йили ИИВ соҳасида кенг ислоҳотларни бошлаб берди. Ўзбекистонда илк бор милиция фаолиятини мувофиқлаштирувчи қонун қабул қилинди. ИИВ тизимидаги кўпгина раҳбарлар ишдан олинди. Ўзбекистон ИИВ янги вазири Пўлат Бобожонов милицияни «инсонпарвар» органга айлантиришини таъкидлаганди. Жумладан, ҳукумат қийноққа қарши жазони кучайтирди, одамларни подвал, янимподвал жойларида ҳибсда ушлаб туриш тақиқланди. 2017 йили 200 дан ортиқ ички ишлар органи ходимларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган, 7500 нафар милиционер хизмат тартибини бузганлик учун жавобгарликка тортилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги