20:56 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда уч нафар дин фаоллари қўлга олинган

03.09.2018 10:56 msk

Фарғона

Зиёвуддин Раҳим. Amerikaovozi.com сайти фотоси
Ўзбекистонда диний мавзуда изоҳлар ёзадиган, ҳукуматнинг диний соҳадаги сиёсатини танқид қилган уч нафар блогер қўлга олинган. Бу ҳақда “Фарғона” манбалари хабар беради. Маълумотни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳам тасдиқлайдилар.

Улар - Адҳам Олимов (Мусанниф Адҳам), Зиёвуддин Раҳим ва Отабек Усмоновдир.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотларига кўра, Тошкентда истиқомат қиладиган Адҳам Олимов 28 август куни қўлга олинган. Унинг уйига ўнга яқин ички ишлар ва ДХХ ходимлари гувоҳномаларини кўрсатмаган ҳолда кириб келадилар ва уйни тинтув қилиб, компьютер ва уйдагиларнинг барчасини телефонларини йиғиштириб оладилар. Олимовни дастлаб милиция бўлимига олиб борадилар, у ердан судга элтадилар. “Америка овози”нинг хабар беришича, ички ишлар органи Олимовнинг ушлангани маълумотини тасдиқлаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, блогерни олдиндан тайёрлаб қўйилган айбловлар - “ҳуқуқ-тартибот органига бўйсунмаганлик” ва “милициянинг қонуний талабларини бажармаслик”да айблаганлар. Олимовга нисбатан 15 кунлик маъмурий ҳибсга олиш жазоси қўлланилиб, 184,3 минг сўм (24 долларга яқин) жарима солинган. Олимовнинг қариндошлари сўзларига қараганда, ИИБ ва ДХХ ходимлари уларга ҳибсни овоза қилмасликни айтиб, таҳдид қилганлар.

«Фарғона» маълумотларига кўра, Адҳам Олимовнинг қариндошлари мана беш кундан бери унинг қаерда эканини билмайдилар.

Бошқа қўлга олинган шахслар — тошкентлик блогер Зиёвуддин Раҳим ва андижонлик Отабек Усмоновдир. «Фарғона» маълумотларига кўра, Усмоновни унинг ишхонаси - General Motors корхонасида қўлга олишган. Уни милиция бўлимига олиб боришган (нима айб биланлигини номаълум) ва енгил табиатли аёллар билан бирга битта камерага тиқиб қўйишган. Аёллар жанжал кўтариб, Усмонов устидан шикоят ёзадилар. Шундан сўнг Отабек Усмонов ҳам 15 кунлик маъмурий ҳибсга олинади. Мана шундай жазо Зиёвуддин Раҳимга ҳам берилган.

Учала ҳибсга олинган блогерлар диний-маърифий мавзуларда мақолалар чоп этиб, изоҳлар ёзишган, ҳукуматни танқид қилишган. Жумладан, Отабек Усмонов болаларнинг масжидларга қатнашишига қарши чиққан раҳбарни танқид қилган. Адҳам Олимов эса диний идоранинг сиёсатини, ҳижобга қарши ҳаракатларни танқид қилган (Ўзбекистонда ҳижобга қарши ҳаракатлар 2009 йили Андижондаги портлашдан кейин фаоллашган, жамоат жойларида ҳижоб кийганларга қарши жарима солиш ва маъмурий ҳисбга олиш чоралари кўзда тутилган).

Адҳам Олимовнинг изоҳлари Ўзбекистон халқ ҳаракати сайтида ҳам чоп этилган. Ҳукумат уни ЎХҲ етакчиси Муҳаммад Солиҳ билан алоқадор деб ҳисобласа, ажабмас. Лекин “Фарғона” манбаларига кўра, Олимов Солиҳ тарафдори бўлмаган.

Яқинда Тошкентда ”Муҳаммад Шукур” тахаллуси билан ижод қиладиган ёзувчи Шокир Шарипов ҳам сўроқ қилинган. Унинг мактабларда ҳижоб кийилишига қарши пикетлар уюштиришга қилган чақириқларига нисбатан маъмурий иш кўрилган. ВВС маълумотларига кўра, уни “жамиятда ёппасига бебартиблик келтириб чиқариш” ва “пропискасиз яшаётганлик”да айблаганлар.

Ўзбекистонда Ислом Каримов даврида диний фаолиятга қарши чекловлар мавжуд эди. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлганидан кейин улар қисман бекор қилинди. Янги президент “Ислом динининг гуманитар моҳиятини” тарғиб қилишга чақиради. Шунингдек, у эксремизмда гумон қилинганлар “рўйхати”ни қайта кўриб чиқишга топшириқ берган. Кейинги пайтлар болағатга етмаган болаларнинг масжидга бориши тақиқланди, ҳукумат масжидлар устидан назоратни пасайтирди. Кейинчалик назорат яна кучайтирилгани аён бўлди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги