06:04 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон илк бор Туркий тилли давлатлар саммитида иштирок этади

31.08.2018 17:00 msk

Фарғона

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашида иштирокчи давлатлар байроқлари. Bnews.kz сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашининг саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти сайтида хабар берилган.

Саммитда Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Туркия президенти Режэп Таййип Эрдоғаннинг иштирок этиши кутилмоқда. Анжуманда фахрий меҳмон сифатида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Урбан қатнашадилар.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашининг VI саммити 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон Ота шаҳрида бўлиб ўтади. Саммит якунига кўра ўзаро ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланади. Анжуманда раислик Қозоғистондан Қирғизистонга ўтади.

Мирзиёевнинг мазкур саммитда иштирок этиши шу йилнинг апрель ойида маълум бўлганди. Эрдоған билан учрашувдан сўнг Ўзбекистон президенти шундай қарорга келган.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши халқаро ташкилот бўлиб, у ўз сафига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркияни бирлаштиради. Ташкилот 2009 йил 3 октябрда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан тузилган. Кенгаш аъзолари бир неча бор Ўзбекистон ва Туркманистонни ўз сафларига таклиф этган. Лекин Ислом Каримов даврида Ўзбекистон таклифга эътибор бермаган, Туркманистон эса ушбу ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги