07:27 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бошқа давлат фуқаролигини олган ўзбекистонликларга доимий проспискага рухсат берилди

31.08.2018 15:50 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги прописка штампи. Gazeta.uz сайти фотоси
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон президенти қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда туғилган ёки илгари доимий прописка қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар – доимий яшаш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга (Тошкент вилоятидан ташқари) қайтиб келганида доимий прописка қилинади. Республика Адлия вазирлиги блогида шу ҳақда хабар берилади.

Ҳужжатга кўра, хусусий мулк сифатида турар-жой сотиб олган чет эл фуқаролари, давлат идораларига ишга таклиф қилинган мутахассислар ва уларнинг оила аъзолари ҳам прописка қилинади. Қарорда тилга олинган бошқа тоифадаги фуқаролар аввали ҳам бу каби ҳуқуққа эга эдилар. Бу ерда бир нарсага эътибор бериш лозим: мазкур қарор Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқари республиканинг барча ҳудудларига таалуқлидир.

Пойтахтдан пропискадан ўтиш 2012 йилги ҳукумат қарорига кўра амалга оширилади ва унга мувофиқ хусусий мулкка эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, давлат идораларига ишга таклиф этилган юқори малакали мутахассислар ва уларнинг яқин оила аъзолари доимий прописка қилинади.

Бундан аввал Ўзбекистон ҳукумати туристлар учун вақтинчалик регистрациядан ўтиш қоидасига ўзгартиришлар киритганди. Эндиликда сайёҳлардан олинадиган тўловлар уларнинг мамлакатда бўлган муддатига қараб белгиланади. Авваллари бу тўлов неча кун бўлишдан қатъий назар барча туристлардан бир хилда ундириларди. Мутасаддиларнинг фикрига кўра, янги тартиб туристларнинг пулни иқтисод қилишига имкон беради. Ҳозирда Ўзбекистонда 30 кун яшаш учун кунига энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида тўлов тўланади. Яъни мамлакатда бир ой турган сайёҳ $13 га яқин пул тўлайди. Авваллари бу миқдор $20 ташкил этган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги