20:57 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда пикетчилар милиция машинасини қўлга олганлар

31.08.2018 13:27 msk

Фарғона

30 августда Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси олдида ноҳақ ҳибсга олинганлик ва суд қарорларига қарши пикет уюштирган ва қўлга олинган аёллар ички ишлар бўлими биносидан қочиб чиқиб, милиция машинасини қўлга оладилар. Шу йўл билан улар Бош прокурор ўринбосари Эркинбой Тожибоев билан учрашишга муваффақ бўладилар. Бу ҳақда “Фарғона”га Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева хабар беради.

Акция соат 10 да бошланган. Унда беш киши — Наманган вилояти, Косонсой туманидан координатор Ҳамида Боқиева, Елена Урлаеванинг ўзи, Бухоро вилояти Қоракўл туманидан фермер Олтиной Сотиева, Наманган вилоятидан Ҳафиза Қаландарова ва Фарғона вилояти Риштон туманидан Саодатхон Ниёзова каби фаол аёллар иштирок этадилар.


Пикетчилар плакат чизмоқдалар. Елена Урлаева томонидан “Фарғона”га тақдим этилган фото

Акция иштирокчилари Бош прокурор Отабек Муродовнинг ишдан кетишини талаб қилиб, рус ва ўзбек тилларида “Жаҳонгир Умаровга эркинлик” (бизнесмен Умаров гиёҳванд моддаларни тарқатганликда айбланиб, Тошкент ИИБда унга нисбатан қийноқлар қўлланилган) , “Раҳима Очилова озод қилинсин” (55 ёшли фармацевт, қатор дори-дармонлар ихтирочиси сохта айблар билан судланган), “судя Зафар Бобоновни жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз” (Умаровни беш йилга қамаган судя), “Бош прокурор Муродовни истеъфога чиқишини талаб қиламиз” ва “Прокуратура қонунларга риоя қилмаяпти” каби чақириқлар қилишган.


Пикет пайти

Милиционерлар ва прокуратуранинг битта ходими намойишчиларнинг акцияси ноқунуний эканидан огоҳлантириб, пикетчилардан плакатларни тортиб оладилар ва барчани тарқалишга ундайдилар. Кейин аёллар милиция автобусида Тошкентнинг Яшнабод тумани №2 милиция бўлимига олиб келинади.

Бу ерда милиция ходимлари аёлларнинг паспортларини йиғиб олиб, улардан бармоқ изларини оладилар ва ушланганлик баённомаларини расмийлаштирадилар. Бу тадбир икки соат вақт олади. Кейин аёллар милиционерлардан ўз паспортларини тортиб оладилар, бармоқ излари олинганлик ҳужжатларини йиртиб ташлайдилар, эшик олдидаги қўриқловчини туртиб, ташқарига отилиб чиқадилар.

Урлаеванинг сўзларига кўра, пикетчилар бўлим олдида турган милиция машинасига ўтириб олиб, унинг сирена овозини ёқадилар, машина сигналини тинимсиз босадилар. «Милиция ходимлари аёллардан хизмат машинасидан чиқишни сўрайдилар, лекин аёллар Ўзбекистон Бош прокурори Муродов билан учраштиришни талаб қилиб туриб олдилар», — дея воқеани тасвирлайди Урлаева. Шу пайт Урлаева ва Боқиева машинада суратга тушадилар, улардан бири қуйида келтирилади.


Қўлга олинган милиция машинасида

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, милиция ходимлари ярим соатча нима қилишларини билмаган. Ваниҳоят аёллар машинани тарк этиб, Бош прокуратурага бориш учун такси тўхтатмоқчи бўладилар. Шунда милиционерларнинг ўзлари аёлларни Бош прокурор ўринбосари Эркинбой Тожибоевнинг қабулига элтиб борадилар.

Акцияни телефонга ёзиб олган Елена Урлаева милиционерлардан қўйиб юборишни, Жаҳонгир Умаров иши бўйича шикоятни Тошкент шаҳар ИИБ тергов бошқармасига беришларини сўрайди. Аввали Тергов бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Асқаров Елена Урлаева аризаси бўйича текширув ўтказишни ваъда беради ва бунинг устидан чиқмайди, орадан 20 кун ўтиб Жаҳонгир Умаровга беш йиллик қамоқ жазоси берилади.

Ҳамида Боқиева Бош прокурор ўринбосари билан учрашувда отаси 70 ёшли Умархон Боқиевга нисбатан жиноий ишнинг қайта қўриб чиқилиши ваъдасига эришолди. Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, терговчи Тоҳир Комилов Боқиевни ноҳақдан таъмагирликда айблаган ва унинг мулкини ҳибсга олган. Бош прокурор ўринбосари Тожибоев бу ишнинг одилона ҳал этилиши бўйича Наманган вилояти прокурорига топшириқ берган. Шу куннинг ўзида Боқиев уйига прокуратура ходими келиб, мазкур масала билан шуғуллана бошлаган.

Акциянинг яна бир иштирокчиси - фермер Олтиной Сотиева Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев устидан шикоят қилади. Унинг сўзларига кўра, ҳоким қўл остида ишлаган аёлни калтаклаган, Сотиевага қарашли ерни тортиб олган. Яна бир пикетчи аёл Саодатхон Ниёзова прокуратура диққатини ўз муаммоларига қаратмоқчи бўлади: унинг сўзларига кўра, Қишлоқ қурилиш банки унинг пулларига эгалик қилиб олган ва энди унинг оиласи уйсиз қолиши мумкин, адвокат эса суд қарорига қарши даъво аризаси билан уни бекор қилдиролмайди.

Шуни таъкидлаш лозим, Каримов даврида бу каби акцияни кўз олдига келтиришнинг ўзи мушкул эди ва бугунги воқелик Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари олдидаги қўрқувнинг камайганидан дарак беради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги