15:10 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон фуқаролигини олган велопойгачи иккита жаҳон чемпионатида қатнашолмайди

10.08.2018 17:47 msk

Фарғона

Ольга Забелинская. Cska.ru сайти фотоси
Ўзбекистон фуқаролигини олган россиялик велопойгачи Ольга Забелинская Халқаро велисипедчилар иттифоқи (UCI) бошчилигида ўтказиладиган иккита жаҳон чемпионатида қайтнашолмайди. Бу ҳақда UCI маълумотига таянган ҳолда ТАСС хабар беради.

«Велопойгачининг фуқароликни ўзгартиргани расман тасдиқланган. UCI қоидаларига кўра, спортчи бу йил ва келаси йилги UCI жаҳон чемпионатида фуқароликни ўзгартирганлиги учун қатнашолмайди», - деган ташкилот вакили.

Забелинская Ўзбекистон термасига ўтганлиги расман тасдиқланганини айтиб, Индонезияда ўтказиладиган Осиё ўйинларида иштирок этиш ниятида эканини маълум қилади.

Велопойгачининг Олимпиада-2020 да иштирок этиши номаълум, чунки Россия велоспорт федерацияси спортчининг бошқа мамлакат термасига ўтишини хоҳламайди. Шу сабаб Забелинская фуқаролик ўзгартирилганда бериладиган уч йиллик карантин туфайли ўйинларда қатнашолмаслиги мумкин.

Иккита Олимпиада ўйинларининг медаллар соҳибаси, 38 ёшли Ольга Забелинская шу йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон паспортини олиб, спортдаги фуқаролигини ҳам ўзгартирди. Велопойгачи 2020 йили бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларидан четда қолишни истамайди, чунки Халқаро Олимпия қўмитаси ва WADA антидопинг агентлиги россиялик спортчиларни ялпи ўйиндан четлатган. UCI қоидаларига кўра, спортчи “карантин”дан кейингина янги мамлакат терма жамоаси таркибида мусобақаларда иштирок этиши мумкин. Карантин муддати эса уч йилгача чўзилиши мумкин. Лекин Забелинская 2018 йилги Осиё ўйинларида иштирок этиш учун Ўзбекистон терма жамоаси таркибига киритилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги