15:12 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистонга тиббий мажмуа қурилиши учун Ўзбекистондан махсус техника етиб келди

10.08.2018 13:02 msk

Фарғона

Мажмуа қурилиши учун техника. “Ўзбекнефтегаз” матбуот хизмати фотоси
Тожикистонда тиббиёт мажмуасини қуриш учун материаллар, махсус техникалар ва ускуналар ортилган автоколонна ўзбек - тожик чегарасини кесиб ўтди, деб хабар беради Gazeta.uz.

Автоколонна таркибидан экскаватор, трейлер, муҳандис-техник ходимлар учун хўжалик вагонлари, 15 нафар мутахассис, жумладан механизаторлар, тупроқ ва тайёргарлик ишлари бўйича асосий ишчиларни қўшни мамлакатга олиб борувчи автобус ўрин олган.

Ўтган йил апрель ойида Ўзбекистон ўз ҳисобидан Тожикистоннинг Хатлон вилоятида 200 койко-ўринга мўлжалланган тиббиёт мажмуасини қуриб бериши ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Объект қурилганидан сўнг, у тожик томонига беғараз ёрдам асосида ўтказилади. Лойиҳа «Ўзбекнефтегаз» томонидан амалга оширилади.

Қурилиш Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда икки давлат ҳукуматлари ўртасида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади. Ўз навбатида Тожикистон ҳукумати Хатлондаги мажмуа қурилиши учун ер ажратади ва қурилиш пайтида ўзбек томонига ҳар томонлама ёрдам беради.

Ўзбекистон ва Тожикистон алоқалари Шавкат Мирзиёевнинг президент бўлиб сайланганидан кейин яхшилана бошлади. Ўтган йил апрель ойида Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиапарвозлар тикланди. 2018 йил март ойида мамлакатлараро саккизта автомобиллар ўтказиш пункти, битта темир йўл ва битта чегара пунктлари очилди. Икки мамлакат ўртасида виза режимини юмшатиш битими имзоланди ва унга кўра икки давлат фуқаролари 30 кун мобайнида визасиз бир-бирларини йўқлашлари мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги