14:52 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда имомлар суицидга қарши тарғиботга жалб этилди

09.08.2018 14:20 msk

Фарғона

Ўзбекистонлик имомлар. Muslim.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси имомларни маҳаллама-маҳалла юриб ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ эканини тарғиб қилишга, жума намозлари чоғида бу ҳақда ваъзхонлик қилишга чақирди, деб хабар беради «Озодлик».

Имомлар ўз жонига қасд қилиш исломда энг оғир гуноҳ эканини тушунтириб берадилар, зеро у “Аллоҳ томонидан инъом этилган руҳни яқсон қилишдир”, деб изоҳ беради фарғоналик имом. Айрим пайтлар жума намозларида масала қилинадиган мавзуларни қўмитанинг ўзи белгилаб беради. Тошкентдаги “Сирож Солиҳ” жоъме масжидининг мутаваллиси мамлакатда одламларнинг ўз жонига ўзи қасд қилиши ҳолатлари кўпайиб кетганини эътироф этади.

Диний ишлар қўмитасининг ислом ташкилотлари ва имом-хатиблар билан ишлаш бўлими жума намозларидаги ваъзхонлик суицидга қарши тарғиботга бағишланган бўлиши кераклигини тасдиқлади, чунки кейинги икки ой ичида “Ўзбекистонда ўз жонига ўзи қасд қилиш ҳолатлари кўпайган”, —дея қўшимча қилади қўмитадагилар.

Лекин қўмита имомларнинг уйма-уй юриб, суицидга қарши тарғибот ишларини олиб бораётгани ҳақидаги хабарни инкор этади. Қўмитага кўра, суицидга қарши тарғибот ишлари махсус ижтимоий роликлар яратиш, шу мавзудаги мақолаларни чоп этиш орқали олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сайлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳар йили ўз жонига ўзи қасд қилганларнинг сони 100 минг одамга олтитадан тўғри келади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқотларига кўра, суицид бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда учинчи ўринни эгаллайди (7,4). Бу ерда Қозоғистон етакчилик қилади (100 минг одамга 22 та одам тўғри келади), ундан кейин Қирғизистон (8,3), тўртинчи ўринни Туркманистон (6,7), бешинчи ўринни Тожикистон (2,5) эгаллайди.

Бу мавзу 27 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилган видеоселектор мажлисида ҳам тилга олинди. Мажлисда суицидга оид ҳар бир ҳолат фавқулодда вазият деб қабул қилиниши лозимлиги, одамларга руҳий кўмак бериш дастурлари тайёрлаш, ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ эканини тарғиб қилиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Республикада суицид борасида расмий статистика чоп этилмайди, бироқ президент маъмурияти ҳужжатларида деярли ҳар ойда “суицид” сўзини учратиш мумкин. Март ойида мамлакат президенти Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти, Самарқанд, Андижон тиббиёт институтларида “суицидология” йўналиши бўйича махсус курсларни ташкил этишга топшириқ берди, арпель ойида “Психатрия ёрдамини бериш тизимини мукаммаллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарорга қўл қўйди.Қарорда суицид олдини олиш билан шуғулланадиган хизматларни ташкил этиш ҳақида сўз юритилади. Июль ойида Мирзиёев зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва суицид олдини олиш бўйича республика Марказини ташкил этишга топшириқ берди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги