15:11 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонлик йигит Мажбурий ижро бюроси ходимига пичоқ билан ҳамла қилган

08.08.2018 16:39 msk

Фарғона

МИБ ходимига тажовуз қилган йигит. Ўзбекистон Бош прокуратураси видеоролигидан лавҳа
Андижон фуқароси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимига уч марта пичоқ зарбасини берган, деб ёзади Бош прокуратура матбуот хизмати.

Туман МИБ ходимлари Меҳнат кўчасида истиқомат қиладиган 27 ёшли Ёдгор Оҳуновнинг электр энергиясидан 650 минг сўм ($83) қарз бўлганини аниқлайдилар. 19 июль куни МИБ инспектори Баҳром Ҳакимқулов қарздор хонадонига келиб, Оҳуновдан қарздорлик далолатномасига қўл қўйишини сўрайди. Лекин уй эгаси ошхона пичоғини олиб, инспекторга зарбалар беради. Ҳакимқуловнинг шериги ёрдамга келиб, тажовуз қилган йигитни ушлаб қолади. МИБ инспектори оғир аҳволда касалхонага ётқизилади ва операцияни бошдан ўтказади. Оҳуновга қарши жиноий иш қўзғатилган.

Ўзбекистонда йил бошидан Мажбурий ижро бюроси ходимларига нисбатан 96 та тажовуз ҳолати қайд этилган.

Ушбу рўйхатга Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани МИБ бошлиғи Баҳром Жўраевнинг пичоқлангани воқеаси кирмаган бўлса керак, зеро, бу жиноят унинг қўл остида ишлаган собиқ ходими томонидан содир этилган. 3 май куни Жўраев томонидан ишдан бўшатилган И.Шавкатов МИБ идорасига келади ва Жўраевга тўрт марта пичоқдан зарба беради. Жўраевни туман шифохонасида операция қилишади, кейинчалик шаҳар касалхонасига олиб боришади, у ердан Тошкентга даволанишга юборишади. Тошкент клиникасида уч ой даволанган Жўраев охири оламдан кўз юмади.

2017 йил 30 майда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан республика Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. МИБ қатор ваколатларга эга, жумладан, газ ва электр энергиясидан қарздорлар хонадонларини мазкур таъминот тизимидан узиб қўйишга ҳақли. Коммунал тўловлардан қарз бўлган фуқаролар катта миқдордаги пул маблағларига эга шартномалар тузиш, алоҳида молиявий кредит ва давлат хизматларидан фойдаланишдан четлатилади ва қарздорлар ўз қарзларини узмагунига қадар чет давлатларга бора олмайдилар. Мамлакатдан чиқишга тақиқ қўйилган ёки қўйилмаганини одамлар МИБ сайтидаги онлайн режимда билиб олишлари мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги