14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Адлия вазирлиги ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга ёллаган мактаб маъмуриятига нисбатан чоралар кўрилишини талаб қилди

08.08.2018 15:04 msk

Фарғона

Янгийўлдаги ўқитувчилар тозалаш ишларида. Ozodlik.org сайти фотоси
Ўзбекистон Адлия вазирлиги Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани Ниёзбоши маҳалласидаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчилари мактаб ҳудудида мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги сабаб мактаб маъмуриятига нисбатан чоралар кўрилишини талаб қилди. Бу ҳақда вазирликнинг Facebookдаги саҳифасида хабар берилган.

№13 мактаб маъмурияти 1 август куни ўқитувчиларни мактаб ҳудудини ободонлаштириш ишларига мажбурлагани тўғрисида маълумотлар 2 август куни интернетда пайдо бўлди. Ўқитувчиларнинг аноним ҳолда Telegramга юборган шикоятини «Озодлик» радиоси чоп этган.

«Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани Ниёзбоши маҳалласидан ёзяпмиз. Бизлар, яъни №13 мактуб ўқитувчиларини мажбуран мактаб ҳудудини ободонлаштириш ишларига жалб қилишмоқда. "Ойлик оляпсизларми, демак ишлашга мажбурсизлар", — дейди раҳбарият. Ахир, бизларда мажбурий меҳнат тақиқланмаганми?» — дейилади мурожаатда.

15 нафар педагогнинг мажбурий меҳнатга ёллангани факти тасдиқланган. Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасининг маҳаллий бўлими ходимлари 4 август куни мактаб ўқитувчилари билан тушунтириш ишларини ўтказган, 6 август куни эса Янгийўл туман Халқ таълими бўлимига мактаб маъмуриятига нисбатан интизомий чоралар кўриш ҳақида тақдимнома киритилган, дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Авваллари бюджет ташкилотлари ходимлари пахта теримига, металлом ва макулатура йиғишга жалб қилинарди, шунингдек, улар одамлар сотиб олмайдиган газета ва журналларга обуна бўлишга мажбур эдилар. Ўзбекистон ҳукумати бир неча бор бундай амалиётга барҳам беришни ваъда қилди. Шу йилнинг апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатга сафарбар қилинаётганини танқид қилиб, буни «давлатга ҳиёнат», деб атади. Бу самарқандлик ёш ўқитувчи Диана Еникееванинг кўча тозалаш ишлари пайтида машина уриб кетиб ҳалок бўлганидан сўнг юз берди.

2018 йил 10 майда «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» фармон эълон қилинди. Адлия вазирлиги одамларни мажбурий меҳнатга қарши курашга чорлаб, бу - фуқаровий бурч эканини таъкидлади.

Самарқанддаги №62 мактаб-интернати директори Азамат Умаров ўқитувчи ва техник ходимларни тозалаш ишларига мажбур қилгани туфайли ишдан бўшатилди. Июнь ойида эса талабаларни қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурлаган Қорақалпоғистон Давлат Университетининг кимё-биология факультети декани Рашид Қурбонниёзов ва кимё технологияси кафедра мудири Мақсет Айимбетовлар эгаллаб турган лавозимларидан четлатилди.

Педагогик фаолият нуфузи, аввало, ўқитувчиларни уларнинг касбий фаолияти доирасига кирмайдиган ишлардан озод қилиш эвазига оширилади. Лекин кўпгина бюджет ташкилотларининг раҳбарлари текин ишчи кучидан фойдаланишга одатланиб қолганлар ва уларнинг бу одатдан воз кечиши осон кечмаяпти.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги