14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Ўзбекистоннинг миллий юксалиш босқичига ўтаётганини эътироф этди

07.08.2018 16:49 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Ўзбекистон ўз тараққиётида янги давр – миллий юксалиш палласини бошламоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда айтиб ўтди.

«Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига қадам қўймоқда. Биз миллий тикланишдан – миллий юксалишга эришишни ўз олдимизга энг муҳим ва устувор вазифа қилиб қўйдик. Бу улуғ мақсадга эса жаҳон аҳли билан ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлиб яшаш, очиқ демократик жамият қуриш, ҳаётимизда миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини янада кенг қарор топтириш орқалигина эришиш мумкинлигини биз яхши англаймиз», – деди Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг миллий юксалиш палласига ўтаётгани борасидаги эътироф Туркманистонда бугунги кунда “Буюк қудрат ва Саодат” даври ҳукм сураётгани, бунга қадар мамлакат “Буюк Тикланиш” даврини кечиб ўтгани ҳақидаги баёнотларни эслатади. Туркманистоннинг икки буюк даврни бошдан кечираётгани тўғрисида мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов маълум қилганди. Ундан олдинги раҳбар Сапармурод Ниёзов мамлакатни “Олтин аср даври”да бошқарган эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги