14:52 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Алишер Усмонов футбол клубидан воз кечди

07.08.2018 15:42 msk

Фарғона

“Арсенал” футболчилари. Клуб сайти фотоси
Россиялик ўзбек миллиардери Алишер Усмонов инглизларнинг «Арсенал» фотбол клубига қарашли 30 фоиз акциясини сотиб юборди. Бу ҳақда The Financial Times хабар беради.

Усмонов ўз улушини америкалик бизнесмен, «Арсенал» клубининг назорат акцияси соҳиби Стэн Кронкега 550 миллион фунт стерлинг ($713 млн) эвазига сотган.

The Financial Times ёзишича, узоқ йиллар давомида иккита йирик акциядор клуб устидан назорат қилишга, бири иккинчисининг ҳиссасини сотиб олишга уриниб келган. Жорий йилнинг июль ойида Усмонов Кронке ҳеч қачон унга акциясини сотмаслигини айтиб, «Арсенал»га қарашли акцияларини сотмоқчи эканини маълум қилганди. Америкалик бизнесмен 67 фоизли акциясини $1,3 млрд ҳисобига сотишга бош тортгандан кейин Усмонов клуб акционерлар сафидан чиқишга қарор қилади.

Кронке ва Усмонов 2007 йили «Арсенал» клубини қўлга киритадилар. Усмонов акцияга соҳиблик бўйича иккинчи одам саналгани билан ҳам клуб директорлар кенгашига кирмаган. Аввали миллиардер «Арсенал» соҳибларини клубни ривожлантириш учун керакли сармояларни киритмаётганликда танқид қилганди. Усмонов футбол ривожи учун ҳаракат қиладиган Кронкедан бошқа хоҳлаган инсонга ўз акцияларини сотишини айтганди.

Наманган вилоятида туғилиб ўсган Алишер Усмонов ёшлик давридаёқ Россияга кўчиб ўтади. У тоғ металлургияси, медиа ва бошқа бизнес соҳаларида катта ютуқларга эришади. Ҳозирда у Forbesга кирган россияликлар ичида бешинчи ўринни эгаллайди. Унинг шахсий маблағи $15,2 млрд экани эътироф этилган.

Лондоннинг «Арсенал» клуби 2004 йилдан бери Англия чемпионатида ғолиб келмаётгани, чемпионлар Лигасида эса мутлоқ тўп сурмаётгани билан барибир дунёнинг энг катта фойда келтирадиган ва энг қиммат ўнта клубларидан бири саналади. 2018 йили «Арсенал» 487,6 миллион фунт стерлинг ($632,4 млн) даромад қилган ва бу борада дунёда олтинчи ўринни эгаллаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги