14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Собиқ МХХ бошлиғи Рустам Иноятовнинг номи сенаторлар рўйхатидан тушиб қолган

07.08.2018 12:51 msk

Фарғона

Рустам Иноятов. Sputnik.tj сайти фотоси
Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари (МХХ, ҳозирда — Давлат хавфсизлик хизмати) генерал-полковник Рустам Иноятовнинг номи Олий Мажлис Сенати рўйхатида кўринмайди. Бунга мустақил интернет-газета Uzmetronom эътибор берган.

Президент томонидан сенатор этиб тайинланган Иноятовнинг фамилияси Сенат рўйхатида йўқлиги кутилмаганда аниқланган. Шунинг учун, Иноятовнинг номи олиб ташланганми ёки бошида рўйхатга киритилмаганмиди, бу ишлар номаълум. Шуни таъкидлаш керакки, Сенат сайтининг аввалги версиясида Иноятовнинг номи «Президент фармони билан тайинланганлар» гуруҳида Сенат раиси Ниғматилло Юлдашев ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти профессори Холиджон Комиловлар ўртасида келтирилганди.

Интернет газетаси Иноятовнинг президент маслаҳатчиси сифатида ҳозирги мақомига нисбатан савол туғилганини ёзади. 1 август куни президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда ижро Иноятовга эмас, унинг биринчи ўринбосари Бекзод Мавлонов зиммасига юклатилган.

2018 йил 31 январда Иноятовнинг Ўзбекистон президентининг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси ва Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинлангани ҳақида президент матбуот хизмати хабар берганди. Лекин президент сайтида бу борадаги қарор чоп этилмаган. Шу куни МХХ раиси лавозимига собиқ Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаевни тайинлаш тўғрисида президент фармони имзоланади.

Рустам Иноятов 22 йилдан зиёд МХХ раиси лавозимида ишлаган. У 1944 йили Сурхондарё вилоятининг Шеробод шаҳарчасида туғилган. Отаси Русул Иноятов Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДҲҚ) полковниги бўлган. 1968 йили Рустам Иноятов Тошкент Давлат университетининг эрон-афғон филологияси факультетини битиради. Совет Армиясидаги хизмат чоғида ДХҚга қабул қилинади. 1976 ва 1981 йиллари Иноятов Афғонистонда дипломатик ниқоб остида совет резидентурасида хизмат қилган. 1995 йил 27 июнь куни Иноятов КГБнинг меросхўри бўлмиш - МХХга раҳбар этиб тайинланади. Иноятов 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Европа Иттифоқига кириши таъқиқланган саккизта раҳбарлардан бири бўлган. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида Иноятов мамлакатдаги энг қудратли шахслардан бири ҳисобланган.

Жорий йилнинг март ойида президент Шавкат Мирзиёев МХХни - Давлат хавфсизлик хизматига ўзгартириш тўғрисида фармонни имзолайди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги