15:12 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларни ҳимоя қилишни вада қилди

07.08.2018 11:59 msk

Фарғона

Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизмати. Kommersant.uz сайти фотоси
Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида беморни кўргани келган “Тез тиббий ёрдам” хизмати врачининг бемор қариндошлари томонидан калтакланганидан сўнг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларни ҳимоя остига олишини вада қилди. Бу ҳақда вазирлик сайтида хабар берилади.

Бу воқеа 3 август куни бўлиб ўтган. Тез тиббий ёрдам хизмати 69-ёшли бетоб Мирзажалил Ҳакимовнинг хушсиз ҳолатда ётгани тўғрисида унинг қариндошларидан қўнғироқ қабул қилади. №89 қишлоқ поликлиникасининг навбатчи врачи Шуҳратбек Сирожиддинов ва ҳамшира Умидахон Ҳусановалар бемор хонадонига йўл оладилар.

Вазирлик қўнғироқ соат 16:30 қабул қилинганини, соат 16:32 да врачлар йўлга тушганини ва соат 16:36 да тез тиббий ёрдам бригадаси беморнинг хонадонига етиб келганини маълум қилади. Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам етиб келишининг вақти 25 дақиқани ташкил этади.

Навбатчи врач машинадан тушиб, уйга кирганда беморнинг набираси шифокорни ҳақоратлаб, шундай урадики, оқибатда бош қисмига еган зарбадан врач Сирожиддинов ҳушини йўқотади.

Ҳамшира Умидахон Ҳусанова бемор ётган хонага кириб, унинг аллақачон оламдан ўтганига, майитнинг жағи бойлаб қўйилганига гувоҳ бўлади.

Оёққа турмоқчи бўлган врач яна йиқилиб ҳушини йўқотади. “Тез ёрдам” машинасида шикофорни Олтиариқ касалхонасига етказиб келадилар ва у ерда унга “ёпиқ бош чаноғи шикасти, бош мия чайқалиши, қулоқ пардасининг йиртилиши” ташхисини қўядилар. Фарғона вилояти шифокорлари Сирожиддинов ҳолатини “оғир” дея баҳолайдилар.

Вазирлик мазкур воқеа бўйича вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган. “Бундай ҳолатлар охирги пайтларда тез-тез учраётгани тажрибали шифокорларнинг бирламчи тизимдан кетиб қолишларига сабаб бўлмоқда. Шу боис ҳар бир тиббиёт ходимининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб рағбатлантиришни кучайтириш борасида ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда”, - дейилади хабарда.

2017 йили тошкентлик Абдумалик Каримов чақирув бўйича хонадонига келган тез тиббий ёрдам врачларини тўрт марта калтаклайди. Унинг сўнгги калтагини еган врач Зафар Қаюмов шундай дейди: “Ҳеч бир шифокор Каримовлар оиласига келишни хоҳламайди. Бу ўта тажовузкор оиладир”, - дейди врачлар “Озодлик”га. Ўзбекистонда шифокорларга ҳужум қилганлик учун уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўзда тутилган.

“Тез ёрдам” врач ва ҳамшираларига нисбатан тажовузлар Россияда ҳам муаммо ҳисобланади. Кейинги пайтлар бу ерда врачларнинг калтакланиши билан боғлиқ ўнлаб воқеалар содир бўлган ва уларнинг ичида энг катта шов-шувга сабаб бўлгани - бандит-рецидивист томонидан врач-рентгенологнинг калтаклаш бўлди. Бу воқеа Москва вилоятининг Орехово-Зуево шаҳрида содир бўлган. Оқибатда врачга ташланган одам икки йил аҳлоқ тузатиш ишларига маҳкум қилинган. 2017 йилдан бери Россия Давлат Думасида врачларга ҳужум қилганлик учун уч йил озоликдан маҳрум этилиш ёки аҳлоқ тузатиш ишларига сафарбар қилиниш, бундан ташқари 40 минг рубль миқдорида жарима солишга доир қонун лойиҳаси ҳали ҳам кўрилгани йўқ.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги