14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбекконцерт» тўйларда ижро этиладиган қўшиқлар рўйхатини тузади

03.08.2018 16:34 msk

Фарғона

Ўзбекистонда тўй маросими. Wedding.uz сайти фотоси
«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси тўй-ҳашамларда куйланадиган қўшиқлар бўйича тавсиявий характерга эга бўлган махсус йўриқнома ишлаб чиқариш ниятида одамларга мурожаат қилиб, қайси йўналишда ва қандай ижро услубида куйланган қўшиқларни тинглашни хоҳлашини сўраган. Бу ҳақда муассаса сайтида хабар берилади.

Хоҳлаган инсон сўровнома бўйича ўз таклифларини uzbekkonsert.хm@umail.uz манзилига юбориши ёки +998951942323 телефон рақамига қўнғироқ қилиб айтиши мумкин.

Июль ойи бошида «Ўзбекконцерт» тўй ва бошқа шодиёналарга таклиф қилиш мумкин бўлган артистлар рўйхатини тақдим қилганди. Рўйхатга етмишта гуруҳ ва хонандалар киритилган. Ҳар бир артистнинг хизмат ҳақи кўрсатилган ва у 500 минг сўмдан ($64) 1,5 млн сўмгача ($191) суммани ташкил этади.

Ҳозирча артистлар рўйхати Тошкентда тузилган ва бунинг учун Никоҳ саройларида санъаткорлар рўйхати билан танишиш учун алоҳида хона ажратилган. Келгусида бундай рўйхат барча вилоятларда тузиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ҳукумати кўп йиллардан бери тўй-ҳашамлардаги дабдабавозчилик ва исрофгарчиликка қарши курашиб келади. Тўйлар ўтказиш ўта қиммат экани кўпчилик оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётгани таъкидланади. 2018 йил баҳорида 150 нафар меҳмондан иборат ва тўй вақти чеклаган ҳолда тадбирлар ўтказишга доир қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лекин Олий Мажлис Сенати ушбу қонун лойиҳасини тасдиқламади. Сенаторлар тақиқ ўрнига одамлар орасида камтарона тўйлар ўтказишни тарғиб қилиш ғоясини илгари сурдилар. Июнь ойида президент Шавкат Мирзиёев ҳашаматли тўйлар ижтимоий кескинликни келтириб чиқарувчи омиллардан бири эканини таъкидлади. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 20 ва ундан ортиқ машиналардан иборат тўй кортежи рўзғорини зўрға тебратаётган одамларнинг ғазабини келтириб чиқаради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги