14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон Ўзбекистон жанубида цемент заводи қуради

03.08.2018 15:14 msk

Фарғона

Sngdaily.ru сайти фотоси
Сурҳондарё вилоятида тожикистонликлар сармояси ҳисобига цемент заводи қурилиши бошланади. Бу ҳақда Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги раҳбари Неъматулло Хикматуллозода маълум қилди, деб хабар беради «Азия-плюс».

Тожикистоннинг цемент ишлаб чиқариш компанияси мазкур завод қурилишига инвестиция киритади. Вазирнинг сўзларига қараганда, яқин орада Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги йиллик савдо айланмаси $1 млрд.га етказилади. Жорий йилнинг олти ой мобайнида икки мамлакат савдо айланмаси $128,3 млн.ни ташкил этди ва бу рақам ўтган йилга солиштирганда $69 млн кўп демакдир. Тожикистон 2018 йилнинг биринчи кварталида Ўзбекистонга $75 млн экспорт қилган, импорт миқдори $53,3 млн.ни ташкил этган.

Апрель ойида 2018 йилнинг биринчи кварталида Тожикистонда ишлаб чиқарилган 332 минг тонна цементнинг 172 минг тоннасини Ўзбекистон сотиб олгани маълум бўлганди. Жорий йилнинг биринчи кварталида ишлаб чиқарилган цементнинг 33 фоизи Хатлон вилоятидаги «Чунгтсай Моҳир цемент» тожик-хитой қўшма корхонаси зиммасига тўғри келган. Сўғд вилоятидаги «Хуаксин Гаюр Суғд цемент» қўшма корхонаси умумий цементнинг 22 фоизини ишлаб чиқарган. “Тожик цементи” корхонаси зиммасига мамлакатда ишлаб чиқарилган ялпи цемент маҳсулотининг 8 фоизи тўғри келади.

Июль ойи бошида Тошкентда фаолият юритаётган Тожикистон Савдо уйи Тожикистон ҳудудида цемент ишлаб чиқараётган барча корхоналардан Савдо уйи билан келишган ҳолда маҳсулотларни Ўзбекистонга экспорт қилишни талаб қилганди. Тожикистонда бир нечта цемент заводларига эга хитойликларнинг «Хауксин» компанияси келгусида Савдо уйи орқали маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига етказиб беришни ўз зиммасига олди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги