15:12 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Ўзбекистонни тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича етакчи давлатлар даражасига кўтариш топшириғини берди

03.08.2018 14:50 msk

Фарғона

Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Facebookдаги саҳифаси фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республикани тиббий хизмат кўрсатиш бўйича етакчи давлатлар қаторига кўтариш ва тиббиёт туризмини ривожлантириш мақсадида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича қарор тасдиқлади.

Қарорда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий малакасини ошириш устидан таъсирчан мониторинг тизими жорий этилмагани, клиник протоколлар ва тиббий стандартларнинг мукаммал эмаслиги соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга ҳалақит бераётган омиллар, деб кўрсатилди.

Қарордан мақсад — мамлакат аҳолиси самолатлиги кўрсатгичларини яхшилаган ҳолда, мамлакатни тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича етакчи давлатлар даражасига етказишдир. Бундан ташқари, хусусий сектордаги тиббий ёрдам салмоғини ошириш, унинг сифат даражасини кўтариш, тиббий туризмни шакллантириш ва тиббий таълим тизимини яхшилаш мақсад қилинади.

Мирзиёев Соғликни сақлаш вазирлиги замирида Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасини ташкил этишга топшириқ берди. У мамлакатдаги тиббиёт ва фармацевтика ишчиларини бирлаштирган ҳолда энг яхши дунё тажрибалари ва бошқаруви, замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар асосида соғлиқни сақлаш тизими стратегиясини ишлаб чиқаради. Миллий палата Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда ўз бўлимларига эга бўлади.

Миллий палата тиббиёт ходимлари касбий малака даражаси, шунингдек, уларнинг кўникмалари замонавий талаблар ва жаҳоннинг энг яхши амалиётига мувофиқлиги устидан, шу жумладан, улар фаолиятини якка тартибда лицензиялашни жорий этиш орқали таъсирчан мониторинг тизимини йўлга қўйиш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий стандартларни жорий этиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий эксперт ва мутахассисларни мамлакатга фаол жалб қилиш, мутахассислар ва экспертларнинг чет элда стажировка ўташини ташкил этиш масалалари билан шуғулланади.

Палата ҳузурида Ўзбекистон Республикасида Соғлиқни сақлашнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича маслаҳат кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилади. У бюджет, шифокор ва провизорларни қайд этиш ишлари, шартномавий хизматлар, грант ва меценатлар ҳисобига молиялаштирилади. Жамғарма маблағлари Миллий палата эҳтиёжини қондириш, тиббий ва фармацевтика ташкилотларини тузиш, клиник қўлланмаларни ишлаб чиқариш ишларига сарфланади.

2020 йил 31 декабрга қадар республикада касбий фаолиятни амалга ошираётган шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олиш тизимини жорий этиш, улар тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини яратишни таъминлаш ишлари белгиланган. 2021 йил 1 январдан шифокорлар ва провизорларнинг Миллий палатада рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши тақиқланади.

Ҳозирги медицина ҳолати ҳисобга олинса, мамлакатга тиббий туристларни жалб қилиш ишлари даргумон кўринади. Мамлакат президенти 11 минг нафар шифокор етишмаслигини таъкидлаб, йил бошидан хусусий тиббиёт муассасаларини аҳолига текин бирламчи ва тезкор ёрдам кўрсатиш вазифаларини юклади. Шу билан бир пайтнинг ўзида 2017 йил сўнггида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатишни камайтириш ҳисобига тиббий муассасаларга қўшимча мутахассисларни жалб қилиш ва ходимлар маошини оширишга қарор қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги