15:36 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонликлар Тожикистон олий ўқув юртларида таълим олишлари мумкин

03.08.2018 10:33 msk

Фарғона

Ўзбекистонлик талабалар. Sputniknews-uz.com сайти фотоси
2018 йилдан ўзбекистонликлар Тожикистон олий ўқув юртларида таълим олиш имконига эга бўладилар. Халқаро матбуот клуби мажлисида Тожикистон парламентининг қўмита раиси Лутфия Ражабова икки мамлакат олий ўқув даргоҳлари ўртасида битим имзоланганини маълум қилди, деб хабар беради Podrobno.Uz.

Бу келгусида бакалавр даражасини бир давлатда, магистрлик унвонини иккинчи давлатда олишга имкон беради, - деди Ражабова. «Ўзбекистондан келадиган талабалар учун ўқув формати шаклланган ва Тожикистон Миллий университети ректори Юсуф Имомзода таклифига кўра ўқишга истак билдирган абитуриентлар шу йили ўқишга киришлари мумкин», – деди Тожикистон давлат ёшлар ва спорт қўмитаси раисининг ўринбосари Дилноза Аҳмадзода.

Апрель ойи бошида «Азия-плюс» агентлиги Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори Рустам Холмуродов ва унинг ҳамкасби Хўжанд политехника институти ректори, филология профессори Жума Ҳамроҳ олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш борасида битим имзолаганини маълум қилганди.

Тожикистон давлат ёшлар ва спорт қўмитаси мана олти ойдан бери Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан қўшма тадбирларни ўтказиб келмоқда. Ўзбек томони таклифига кўра тожикистонлик ёшлар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлдилар. Август ойи сўнггида қатор халқаро тадбирлар ва “Тожикистон ва ипак йўли: тарих ва бугунги кун” форуми ўтказилиши режалаштирилган. Форумга ўзбекистонликлар таклиф қилинган.

Мажлис иштирокчилари 2018 йил март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга қилган тарихий ташрифидан сўнг ўрнатилган алоқалар икки мамлакат ўртасида талаба ва ўқитувчилар алмашинуви оқибатида янада мустаҳкамланишига урғу бердилар. Мазкур ташриф Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди. Музокаралар якунида 27 та ҳужжат имзоланганди, жумладан, олий таълим ва фанлар ўртасида ҳамкорлик қилиш шартномаси ҳам.

2 августда Тожикистон Фанлар Академияси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва олимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди ва унда икки мамалакат ўртасида илм-фан доирасида ҳамкорлик қилишнинг янги йўналишлари белгилаб олинди.

Шу билан бир пайтда ўзбек олий таълим муассасалари ва Қозоғистон олийгоҳлари ўртасидаги алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Февраль ойида икки мамлакат ўртасида дипломларни тан олиш механизмини енгиллаштириш ва ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш борасида битим имзоланди. Ўзбекистон ва Қозоғистонда фаолият юритаётган йигирмата таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди, май ойида эса Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзбекистонлик абитуриентлар учун 10 мингта грант ажратди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги