14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бухоро вилоятида Абу Али ибн Сино мажмуаси турк фирмаси томонидан бунёд этилади

02.08.2018 16:13 msk

Фарғона

Абу Али ибн Сино портрети. Citaty.info сайти иллюстрацияси
Бухоро вилоятининг Афшона қишлоғида бунёд этиладиган Абу Али ибн Сино мажмуаси учун $51 млн маблағ сарфланади. Маблағ турк компанияси «Medifemo Assistance» томонидан ажратилади, деб хабар беради Uza.uz.

Мажмуани барпо этиш учун беш гектар ер майдони ажратилган. Мажмуанинг аксари қисмини Халқ табобати маркази эгаллайди. Унда буғли эффектга эга тош ҳаммом, оёқ касалликларига қарши яхши наф берадиган сандал, зулук олиш, уқалаш хизматлари ташкил этилади. Шифобахш гиёҳларга тўйинган чорва моллари сутидан қатиқ, қаймоқ ва мева-сабзавот шарбатлари, шунингдек, гиёҳ ва дуккакли дон дамламалари тайёрланади. Беморлар асал, туз, ўсимлик мойи билан муолажа олиб, тоза ҳавода сайр қилади.

«Мажмуада Абу Али ибн Синонинг ҳаёти, ижоди ва фаолиятини тарғиб қилиш мақсадида олимлар иштирокида семинарлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилади, шунингдек, юртимиздаги тиббиёт муассасалари ходимларининг мажмуа ва унинг яқинидаги буюк ҳаким мемориал музейига саёҳати йўлга қўйилади. Бу ерда тиббиёт коллежлари битирувчиларининг Абу Али ибн Сино қасамёдини қабул қилиш маросими анъанавий мақомга эга бўлади. Тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари талабалари ва коллежлар ўқувчилари ўртасида ташкил этиладиган “Абу Али ибн Сино издошлари” республика кўрик-танлови ғолиблари ҳам ушбу мажмуада тақдирланади»,– дейди Пешку тумани ҳокимининг инвестиция ва туризм масалалари бўйича ўринбосари Шоҳрух Омонов

Аввали мажмуа маҳаллий ва хориж сармояси ҳисобига бунёд этилиши маълум қилинганди. Мажмуа таркибида Халқ таботати марказидан ташқари экобоғ, сув ҳавзаси, чойхона, кутубхона ва 100 ўринли замонавий меҳмонхона барпо этилади. Бухоро аэропорти ва темир йўл вокзалидан Афшона қишлоғига автобуслар қатнайди.

Мажмуа қурилиши сентябрь ойида бошланади ва 2019 йили унинг очилиши кутилмоқда.

Абу Али ибн Сино – ўрта асрларда яшаб ўтган буюк файласуф ва табиб ҳисобланади. У сомонийлар даврида сарой табиби бўлган, маълум пайт Ҳамадонда вазирлик вазифасини ўтаган. Ибн Сино мақбараси Ҳамадонда жойлашган.

Афшонадаги Абу Али ибн Сино музейи 1980 йили буюк алломанинг минг йиллик юбилейи арафасида очилган. Бу ерда музейдан ташқари тиббиёт коллежи, ахборот-ресурс маркази, кутубхона ва шифохона фаолият юритади. Қишлоқда меҳмонхона мавжуд.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги