14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда автобекат қурилиши учун 70 га яқин дарахт кесиб ташланган

02.08.2018 14:20 msk

Фарғона

Югнаки маҳалласидаги кесиб ташланган дарахт. Nuz.uz сайти фотоси
Тошкент шаҳрининг Мирзо-Улугбек туманидаги «Аҳмад Югнаки» маҳалласида автобекат қурилиши учун Биоинспекция рухсатисиз 70 дона улкан дарахт кесиб ташланди, деб хабар беради Потребители.Uz сайти. Маҳаллий аҳоли бунга йўл қўйган раҳбарларни жавобгарликка тортиш ниятидадир.

Қурилиш учун майдонни тайёрлаш ишлари июнь ойида бошланган ва биринчи қурилиш ташкилоти ходимлари дарахтларга тегмаслигини айтганлар. Лекин одамлар сўзларига кўра, «Эркин исмли бир йигит келиб одамлар билан сўкиниб гаплашишга ҳам тап тортмаган» ва шундан сўнг икки ой ичида 40 дона дарахт кесиб ташланган.

«Ҳукумат одамлар дам оладиган ҳудуддаги кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлаяпти. Биз ўз норозилигимизни билдирдик. Лекин арзимизни эшитиш ўрнига, иккита одамни милицияга олиб кетишди ва у ерда бир кун ушлаб туришди. Жанжал кўтармаслигимизни талаб қилишяпти», – дейди шу ерда яшайдиган одамлардан бири «Озодлик» радиостанциясига.

Маҳаллий халқ туман ҳокимиятига арз қилган, 29 июл куни эса прокуратура ва милицияга шикоят қилган, лекин бу уринишлар натижа бермаган. Фаолларга Давлат экология қўмитасидагилар қурувчиларнинг дарахтларни кесиш учун рухсати борлигини маълум қилганлар.

Гарчи, 19 июль куни Тошкент ҳокимияти матбуот хизмати “пойтахтда дарахтлар ноқонуний кесилиши тақиқланиши”ни маълум қилган бўлса-да, 30 июль куни Аҳмад Югнаки маҳалласида иккита терак, учта ёнғоқ, олма – жами 17 дона дарахт кесиб ташланган. Бу воқеани Биоинспекция ходимлари Акмал Исматов ва Жамшид Қодировлар қайд этганлар. Бундан олдин кесиб ва қўпориб ташланган 40 дона дарахт бўйича бировни жавобгарликка тортиш амримаҳол. Исматов дарахтлар кесилишига рухсат берилмаганини айтиб, ушбу ишлар ноқонуний содир этилганини таъкидлайди. «Биз дарахтлар кесилишига рухсат бермаган бўлардик, шунингдек, бунга ҳожат ҳам йўқ, чунки дарахтлар ҳеч кимга ҳалақит бермайди ва автобекат қуриш учун очиқ майдон мавжуд», – дейди у.

Дарахтлар кесилганлиги тўғрисидаги акт юристларга берилган. Энди пойтахтдаги Жамоат кенгаши ушбу масалада туман ҳокимлигига тушунтириш ишлари берилиши учун мурожаат қилади ва Бош прокуратура, Олий Мажлисга ушбу ҳолат бўйича мактуб йўллайди. Автомобиль бекатини қуриш ишлари билан ишбилармон Ҳисомиддин Эгамбердиев шуғулланади, лекин у кесилган дарахтларга алоқадор эмаслигини иддао қилади. Унинг сўзларига кўра, даставвал қурилиш майдонини ҳозирлаш «ҳокимият зиммасига» юкланган.

Тошкентда туман амалдорлари ҳайрихоҳли туфайли дарахтлар кесилаётган бир пайтда 1 август куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, жумладан дарахтларни ноқонуний кесилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ҳокимият, ички ишлар бўлими ходимлари, Фанлар академияси олимлари ва журналистлар иштирок этдилар.

Қўмита ҳисоботига кўра, йил бошидан мамлакатда 2962 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган ва бу ўтган йилга қараганда 817 тага кўп демакдир. Уларнинг 2023 таси – ўсимлик дунёси, 264 таси ов қилиш ва 675 таси балиқ овлаш ҳолати билан боғлиқ экани маълум қилинади. 2716 та ҳолат бўйича умумий ҳисобда 385 млн сўм ($49.300) жарима қолинган, қолган материаллар суд ва ишки ишлар органларига топширилган.

Мана 10 йилдан бери Тошкентда дарахтларни ёппасига кесиб ташлаш ҳолати муҳим муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Экология қўмитасининг биохилмахиллик назорати, муҳофаза қилинаётган табиат ҳудудларини ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш инспекцияси бошлиғи Нодир Мўъминов ноқонуний дарахтларни кесиш ҳолати юзасидан жарималар миқдори кўпайтирилишини маълум қилди. Ҳозирда диаметри 40 сантиметрдан ортиқ бўлган дарахтни ноқонуний кесганлик учун 755 минг сўм ($97) жарима солинади, келажакда у тўққиз миллион сўмни ($1150) ташкил этиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги