14:52 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек фермерларига мева ва сабзавотларни ўзлари қўйган нархларда сотишга рухсат берилди

02.08.2018 13:11 msk

Фарғона

Gazeta.uz сайти фотоси
Ўзбек фермерлари ўзлари етиштирган мева-сабзавот маҳсулотларини «Ўзагроэкспорт» компанияси белгилаган нархлардан кам миқдорда экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу каби қоида республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармонида ўз аксини топган.

«Мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт контрактларини “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт контрактини тузмасдан, “Ўзагроэкспорт” АЖ расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича инвойс асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартибини бекор қилиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин», - дейилади фармонда.

Маълумки, шу кунга қадар “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан қўйилган нархларга тўғри келмаган маҳсулотлар божхона орқали чегарадан ўтказилмасди.

2016 йили ташкил топган «Ўзагроэкспорт» компанияси четга чиқарилаётган мева ва сабзавотлар бўйича ягона монополист эди, лекин 2017 йили президент ўз қарори билан мазкур компанияни ушбу ҳуқуқдан четланганди. Бироқ, компания барибир нарх масаласига ўз таъсири ўтказиб келаётганди. 2017 йил нархларга нисбатан белгиланган меъёр устидан кўпчилик фермерлар ўз норозилигини билдиргандилар, чунки улар чет эл харидорларига ўзларига қулай нархда маҳсулотларини сотолмаётган эдилар. Оқибатда етиштирилган кўплаб ҳосил нобуд бўлаётганди.

Шу ўринда Ўзбекистонга ташриф буюрган Халқаро валюта жамғармаси экспертлари инфляцияни пасайтириш мақсадида ички бозор нархларини экспорт нархлари даражасига кўтаришни тавсия қилганлар.

Ўзбекистон ташқи савдосида мева-сабзавотлар экспорти алоҳида ўрин тутади ва даромад жиҳатидан табиий газдан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат 2018 йил сўнггига қадар $2 млрд миқдорида мева ва сабзавотларни экспорт қилишни режалаштирган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги