15:12 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Ўзбекистонда хориж капитали билан корхоналар тузишни енгиллаштирди

02.08.2018 11:15 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 августда «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонни имзолаш орқали чет эл капитали билан корхоналар тузиш ишларига енгиллик киритди. Лекин ҳужжатга инвестиция ҳисобига доимий яшашга рухсатнома берилиши таклифи киритилмаган.

Фармонга кўра, эндиликда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача камайтирилади, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг иштирокчиси сифатида хорижий юридик шахс қатнашиши шартлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинади, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдори 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача камайтирилади. Шунингдек, акциядорлик жамиятлари устав фондининг энг кам миқдори 400 миллион сўм ($50 мингга яқин) миқдорида белгиланди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори уч бараварга камайтирилган, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг иштирокчиси сифатида хорижий юридик шахс қатнашиши шартлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

Бу каби таклифлар Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан киритилган.

Инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг 8500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда (яъни $200 минг, фармон имзоланган пайт энг кам иш ҳақи 184.300 сўмни ёки $23,44 ташкил этган) хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, хорижий корхона ташкил этиш шаклида Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик уч йиллик виза олиш ва унинг амал қилиш муддати Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш ҳуқуқи берилади.

Фармон лойиҳасида $200 минг миқдорида кўчмас мулк сотиб олган чет эл фуқароси доимий яшашга рухсатнома олиши мумкинлиги кўрсатилганди, лекин фармонда ушбу норма ўз ифодасини топмаган.

Июль охирида президент Шавкат Мирзиёев хориж сармоялари яхши ўзлаштирилмаётгани, инвестиция лойиҳалари қониқарли даражада амалга оширилмаётганини кескин танқид остига олди ва раҳбарлар “ҳар бир ўзлаштирилмаган доллар” учун жавобгар бўлишини айтди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги