15:38 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда хизматлар нархининг ортиши инфляция даражасини юқорида сақлаб турмоқда

01.08.2018 17:07 msk

Фарғона

Ўзбекистонда хизматлар нархининг ўсиши оқибатида инфляция даражаси юқорилигича қолмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банкининг 2018 йилнинг 1-ярим йилига бағишланган пул-кредит сиёсати шарҳида сўз юритилади.

2018 йил январь ойида инфляция даражаси энг юқори паллани эгаллади ва 20,1 фоизни ташкил этди, шундан сўнг у пасайиб июнь ойига келиб 17,7 фоизни ташкил этди. 2017 йил июнь ойида ушбу кўрсатгич 13,6 фоизни ташкил этганди. «Жорий йилнинг биринчи яримидаги йиллик инфляция кўрсатгичи қисман ўтган йилги шу даврга хос паст кўрсатгичларга боғлиқ бўлган. Шу билан бирга, салбий омиллар таъсири йўқлиги шароити 2018 йилнинг иккинчи ярмида истеъмол нархлари ўсиш суръатининг пасайишига турки бўлади», - дейилади шарҳда.


2017–2018 йилларининг 1-ярим йилида истеъмол нархлари индексининг ўзгариши. Ўзбекистон МБ шарҳи диаграммаси

Марказий банк таҳлилчилари инфляция тизимида сезиларли ўзгаришлар юз берганини таъкидлайдилар. 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида озиқ-овқат нархлари томонидан инфляция босими ўтказилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йилида озиқ-овқат нархлари ўсиши икки баробарга камайиб, 4,6 фоизни ташкил этган. Лекин хизматлар нархи ортиб, бу борадаги инфляция 8 фоизни кўрсатади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси июль ойи истеъмол секторидаги инфляция кўрсатгичларини маълум қилди. Унга кўра, истеъмол секторидаги инфляция даражаси 2018 йилнинг июль ойида товар ва хизматлар нархлари даражаси ўртача 0,3 %га пасайган. Мамлакатнинг истеъмол секторида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши натижасида иккинчи марта дефляция ҳолати қайд этилган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар нархларида эса аксинча, инфляцион жараёнлар кузатилди. Жорий йилнинг январь-июль ойларида инфляция даражаси 5,9 %ни ташкил қилган.

Июль ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ичида донли маҳсулотларнинг нархи ошган (1,9%), картофель (27,5%,), сабзавот (14,3%) ва мевалар (13,0%) нархи пасайган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сезиларли даражада ўзгармаган. Улардан фақат кўмир (74 фоиз) ва автомобиллар учун пропан гази нархи (19 фоиз) ошган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги