14:52 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатининг раҳбари ўзгарди

01.08.2018 15:18 msk

Фарғона

Абдулла Ҳурсанов. Uzbeksteel.uz сайти фотоси
«Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати»ни (ОТМК) ўн йилдан бери бошқариб келган Александр Фарманов ўз лавозимини тарк этди. Унинг ўрнига Абдулла Ҳурсанов раҳбар этиб тайинланди, деб хабар беради Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўзининг Telegram каналида.

«Абдулла Ҳолмуродович Ҳурсанов Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатининг бош директори этиб тайинланди. Бунга қадар у Ўзбекистон металлургия комбинатининг бош директори вазифасида ишлаган. Тоҳиржон Турсунбоевич Азаматов Ўзбекистон металлургия комбинатининг раиси вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган. Аввали Азаматов корхона бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган», - дейилади хабарда.

Тасдиқланмаган маълумотга кўра, Фарманов бошқа раҳбарлик лавозимига ўтказилган.

Абдулла Ҳурсанов янги лавозимига қадар «Навоий тоғ-металлургия комбинати» давлат корхонаси бош директорининг истиқболли ривожланиш ва инвестициялар бўйича ўринбосари вазифасида ишлаган. У 52 ёшда, иккита олий маълумоти бор – Тошкент мухандислик-қурилиш ва юридика институтларини тамомлаган.

Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхонаси ҳисобланади. Республикада ишлаб чиқарилаётган 90 фоиз кумуш ва 20 фоиз олтин мана шу корхонада ишлаб чиқарилади. У Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи корхона саналади. Шунингдек, бугунги кунда комбинатда цинк, молибденли концентрат, теллур, мис кукуни, саноатбоп қалай маҳсулоти, эмалўтказгич, кадмий ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Комбинат Навоий ТМК ва “Ўзтрансгаз” ДАК қатори Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчи корхоналардан бири ҳисобланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги