15:11 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдан ўтувчи Чирчиқ дарёси ва каналлар атрофида қурилган ноқонуний бинолар бузилмоқда

01.08.2018 14:28 msk

Фарғона

Чирчиқ соҳилида қурилган бино. Бош прокуратуранинг Facebook-саҳифаси фотоси
Тошкент прокуратураси қошида тузилган махсус ишчи гуруҳи олиб борган текширувлар натижасида Чирчиқ дарёси ва каналлар атрофида 769 та ноқонуний бинолар қурилгани аниқланган. Яқин орада мазкур қурилмалар бузилади, деб хабар беради Бош прокуратура ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

Ўн кунлик «Тоза канал» кампанияси доирасида пойтахтнинг 11 туманидаги ҳар бир сектордан 1 тадан, жами 44 та ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Шунингдек, текширувда сенаторлар ва Олий Мажлис депутатлари, туман, шахар кенгашлари депутатлари, “Маҳалла” жамғармаси вакиллари, журналистлар иштирок этдилар. Прокуратура 176 дона техника воситаларини жалб қилган.

Текширувлар натижасига бағишланган мажлисда Тошкент шаҳрида жами 129 та (412,5 км) каналлар борлиги, шундан 17 та магистраль, 25 та хўжаликлараро, 80 та хўжалик ички каналлар ва 7 та коллекторлар мавжуд бўлганлиги, хатлов натижасида 75,6 км. узунликдаги 37 та ички каналлар ёпилиб кетганлиги, ер майдонларидан эса уй-жой ва бошқа мақсадларда фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган.

«Мажлисда магистраль канал ва коллекторларнинг муҳофаза қилиш зоналарида қурилган ноқонуний қурилишларда юзага келган салбий ҳолат сабаби бўлган айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги танқид қилиниб, тегишли давлат органлари, идоралари ва ташкилотлари раҳбарларининг тушунтиришлари эшитилди», - дейилади Бош прокуратура хабарида. Канал бўйларида қурилиш олиб борилишига йўл қўйган раҳбарлар ва бино қурган одамларнинг жавобгарликка тортилиши ҳақида маълумот берилмаган.

Апрель ойида Ўзбекистон президентининг фармони эълон қилинди. Унга кўра, фуқароларнинг ўз ихтиёри билан қурган иншоатлари, улар томонидан ўнта минимал иш ҳақи - 1.840.000 сўм ($236) миқдорида бир марталик тўлов ўтказилгандан сўнг ҳусусий мулки бўлиб қолиши ёзилган. Лекин бинолар қонун бўйича қурилишга лойиқ деб топилмаган жойларда қурилган бўлмаслиги, бино бошқа шахслар ҳуқуқ ва манфаатларига, шаҳар қурилиши нормаларига зид бўлиб, аҳоли саломатлигига зиён келтирмаслиги лозим.

Таъкидлаш керак, Ўзбекистон ҳукумати сув ҳавзалари ёнидаги қурилишларни бузиш билан чекланмайди. Июль ойи бошида Тошкент-Чорвоқ трассаси бўйидаги 28 та дала ҳовлиси расмий огоҳлантиришсиз бузиб ташланди. Туман маъмуриятига кўра, уларнинг кўпчилиги ноқонуний равишда бунёд этилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги