14:52 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга хориждан $2,3 млрд миқдорида пул ўтказилган

01.08.2018 12:01 msk

Фарғона

Nuz.uz сайти фотоси
2018 йилнинг биринчи ярим йилида хорижда ишлаб юрган ўзбекистонликлар ватанга $2,3 млрд миқдорида пул ўтказганлар. Ўзбекистон Марказий банкининг 1 августда эълон қилган пул-кредит сиёсати ҳисоботида мана шундай маълумотлар келтирилади.

МБ жорий йилнинг олти ойи ичида жисмоний шахсларнинг трансчегаравий пул ўтказмалари 14 фоизга ортганини таъкидлайди. Бу ва эскпорт-импорт борасидаги тезкор маълумотлар 2018 йилнинг биринчи ярим йилида тўлов операцияларининг ижобий сальдоси сақланиб қолинаётгани ҳақида дастлабки ҳулосага келиш мумкин, дейилади МБ ҳисоботида.

Марказий банк маъулмотига кўра, халқаро пул ўтказмалари, экспорт каналлари ва хорижий кредит линияларидан келаётган валюта тушумлари ички бозордаги хориж валютасига бўлган талабни қондира олади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг яқинда берган маълумотига кўра, мамлакат ЯИМ ҳажми 2018 йилнинг биринчи ярим йилида $19,5 млрд ташкил этган. Шундай қилиб, хорижда ишлаётган ўзбекистонликларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшган ҳиссаси 11,7 фоизни ташкил этади.

Бундан авввал Россия Марказий банки 2018 йил биринчи кварталида РФдан Ўзбекистонга пул ўтказмалари $726 млн эканини маълум қилганди. Иккинчи кварталга доир маълумот ҳали берилмаган. 2017 йил Россиядан Ўзбекистонга $3,9 млрд миқдорида пул ўтказилган. Ўзбекистон Марказий банкининг маълумотига кўра, 2018 йил биринчи квартали бўйича трансчегаравий пул ўтказмаларининг 77,2 фоизи Россияга тўғри келади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги