14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент вилоятида 100 млн евро эвазига тоғчанғи курорти барпо этилади

01.08.2018 10:47 msk

Фарғона

Осма йўлнинг юқори станцияси. Лойиҳа иллюстрацияси. Gazeta.uz сайти фотоси
Шу йилнинг декабрь ойида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Майгашкан тоғининг шимолий ён бағрида Ўзбекистонда биринчи тоғчанғи курорти ишга туширилади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 100 млн еврони ташкил этади, деб маълум қилади Бош вазир ўринбосари Азиз Абуҳакимов. У 29 июль куни қурилиш жойида хизмат учрашувини ўтказган, деб хабар беради «UzDaily.uz».

Мазкур лойиҳанинг Amirsoy.com сайти ишга туширилган бўлиб (домен 2017 йил майда рўйхатдан ўтган), унда курортнинг очилишига неча кун қолгани ҳақида маълумот бериб борилади. Ушбу материл берилаётган пайтда курорт очилишига 145 кун қолгани маълум қилинади. Сайт орқали Amirsoy «Ўзбекистондаги халқаро андозаларга мос биринчи тоғ курорти» бўлишини билиш мумкин.

Бу ерда ёш чанғичилар ва уларнинг ота-оналарига алоҳида эътибор берилиши таъкидланади. Чанғида учишни ўрганмоқчи бўлганларга тажрибали мутахассислар дарс берадилар. Ёздан то кеч куз фаслига қадар «Amirsoy» курортида пиёда ва отларда саёҳатлар, фото-турлар, велотрек, пейнтбол ўйинлари уюштирилади. Болалар ихтиёрига ўйин майдонлари, конкурс ва ҳар хил тўгараклар ҳавола этилади.

Amirsoy курортига қарашли 900 гектар майдонда умумий узунлиги 21,3 километрни ташкил этадиган турли босқичга эга тоғчанғи трассалари тортилади. Лойиҳадан еттита осма йўли, сноуборд-парк, спорт мактаби, турар-жой ва бошқа курорт инфратузилмалари қурилиши ўрин олган.

Биринчи босқич қурилиш ишлари 2018-2019 йили тугатилади. Абдуҳакимов сўзларига кўра, декабрь ойигача узунлиги 3 км бўлган иккита осма йўл, 12,3 километрга эга 13 та тоғчанғи трассалари қуриб битказилади. Бундан ташқари иккита сунъий кўл, вертолёт майдончаси, сунъий қор тайёрлаш тизими ва қишки тюбинг (иширилган чаналарда қорда учиш аттракциони) барпо этилади.

Шаҳарчада «шале» усулида 21 та бино, иккита ресторан, мутахассислар мактаби, жумладан, тоғчанғи инвентарларини прокатга берувчи пунктга эга кўп тармоқли марказ ва бошқа инженер-коммуникацияга хос қурилмалар барпо этилади. Бу ишларга 30 млн евро йўналтирилади, 300 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Қурилиш ишлари билан осма йўллар ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи бўлган Австриянинг Doppelmayer компанияси шуғулланади. Курортнинг энг юқори нуқтасига элтувчи осма йўлнинг узунлиги 2292 метрдан иборат бўлади. Иккита осма йўлнинг синов ишлари шу йилнинг октябрь ойига мўлжалланган.

Қурилиш ишларини PGI Management (Андорра) компанияси олиб боради. У Европа мамлакатлари, Ҳиндистон, Аргентина, Туркия, Словения, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда шу каби лойиҳаларни амалга оширганлиги билан машҳур компания ҳисобланади. Курорт “Чорвоқ” эркин туристик ҳудуд таркибига киради. Маълумки, 2017 йил Ўзбекистон президенти 98,4 минг гектардан иборат “Чорвоқ” эркин туристик ҳудудини ташкил этиш тўғрисида фармонни имзоланганди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 100 гектар майдонни эгаллайдиган “Уч шаҳар” номи билан — этник, кино, халқ дипломатиясига доир маданий-кўнгилочар шаҳарчалар барпо этиш режалаштирилган. Бу мақсадда ҳукумат $160 млн миқдорида маблағ ажратади. Ушбу лойиҳада Азиз Абдуҳакимов «Этношаҳар» қурилишини бошқаради. Қурилиш 2018 йил 1 сентябрдан бошланиб, 2021 йил 1 сентябргача давом этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги