15:11 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг машҳур теннисчиси Осиё ўйинларида иштирок этади

31.07.2018 14:43 msk

Фарғона

Ирода Тўлаганова. Tennisforum.com сайти фотоси
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 2018 йили Индонезияда ўтказиладиган Осиё ўйинларида иштирок этадиган теннисчилар рўйхатини эълон қилди. Рўйхатга бундан ўн йил олдин спортдаги карьерасини тамомлаган 36-ёшли Ирода Тўлаганова ҳам киритилган, деб хабар беради Миллий олимпия қўмитаси сайти.

Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида саккизта теннисчи иштирок этади. Индонезиядаги ўйинларда эркаклардан Ўзбекистоннинг биринчи ракетка соҳиби Денис Истомин (ATP рейтингида 90-ўрин), Фарруҳ Дўстов (1075), Санжар Файзиев (554), Жўрабек Каримов (483) қатнашади. Аёллардан юрт шаънини Ўзбекистоннинг биринчи ракетка соҳибаси Сабина Шарипова (WTA рейтингида 124-ўрин), Нигина Абдураимова (144), Оқгул Омонмуродова (431) ва Ирода Тўлаганова ҳимоя қилади.

Ирода Тўлаганова WTA сериясининг еттита турнири ғолибаси ҳисобланади. У карьераси юнг юқорига чиққан паллада WTA рейтингининг 16 - ўрнини эгаллаган. Тўлаганова 2008 йили карьерасини тамомлайди. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, халқаро синфдаги спорт устаси ҳисобланиб, бир пайтлар теннис бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг бош тренери бўлган. Бу йили Тўлаганова «Фьючерс» сериясидаги бир неча турнирда жуфтликда иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, терма жамоа сафига Элина Шарипова (1141), теннисчилар жуфтлигида яхши кўрсатгичларга эришиб келаётган Сабина Шарипова кирмаган. Шунингдек, Осиё ўйинларида Албина Ҳабибуллина (714) ва келажаги порлоқ ёш теннисчи Севил Юлдашева (1214) қатнашмайди.

XVIII Осиё ўйинлари 18 августдан 2 сентябрга қадар Индонезияда бўлиб ўтади.

Осиё ўйинлари ҳар тўрт йилда бир марта уюштирилади ва у 1951 йилдан бери Осиё минтақасининг барча мамлакатлари спортчилари иштирокида ўтказилиб келади. Ўйинлар Осиё Олимпия кенгаши раҳнамолиги ва Халқаро Олимпия қўмитаси назорати остида ўтказилади

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги