14:52 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Олий суди экстремистик ташкилотлар рўйхатини эълон қилади

31.07.2018 14:32 msk

Фарғона

Ўзбекистонда экстремистик фаолиятда гумонланаётган шахснинг ҳибсга олиниши. Фото с сайта Ozodlik.org сайти фотоси
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Олий суди веб-сайтларида экстремистик ташкилот деб топилган ёки экстремизмга алоқадор деб фаолияти тўхтатилган ташкилотлар рўйхати эълон қилинади. Ўзбекистон президенти 30 июль куни имзолаган ва 2018 йил 31 июлидан кучга кирган “Эктсремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда мана шундай қоида мавжуд.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми асосларини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузишга,

ҳокимият ваколатларини эгаллашга ёки ўзлаштиришга,

қонунга хилоф қуролли тузилмалар тузишга ёки уларда иштирок этишга,

террорчилик фаолиятини амалга оширишга,

зўрлик ёки зўрлик ишлатишга ошкора даъват қилиш билан боғлиқ ҳолда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга,

жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишга, шунингдек экстремистик ташкилотларнинг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишга, бирор-бир ижтимоий гуруҳга нисбатан сиёсий, мафкуравий, ирқий, миллий, этник ёки диний адоват ёхуд душманлик сабабли оммавий тартибсизликларни амалга оширишга, бўлган ҳаракатлар экстремистик фаолият деб ҳисобланади.

Аввал хабар берилганидек, Бош прокуратура тавсияга биноан ташкилотга экстремистик деб баҳо беришга ва уни йўқ қилишга доир қарор мамлакат Олий Суди томонидан чиқарилади.

Мазкур қонуннинг 11 - моддасига биноан Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига экстремистик материалларни, экстремистик ташкилотларнинг атрибутлари ва рамзий белгиларини олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этиш, шунингдек уларни оммавий ахборот воситаларида ёхуд телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланади. Шундай қилиб, давлат органлари суд томонидан экстремистик деб топилган материалларни бартараф этишга, сайтларни беркитишга ҳақли.

Ўзбекистонда янги юридик ташкилот тузилаётганда уни номлашда эстемистик ташкилотлар номига ухшаш номлардан фойдаланиш тақиқланади. Экстремистик фаолиятга алоқадор шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини музлатиб қўйиш, шахсларнинг операцияларини тиклаш, музлатиб қўйилган пул маблағларидан ёки бошқа мол-мулкидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишган ҳолда белгиланади.

Шунингдек, экстремизмга қарши курашиш фаолияти Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, ИИВ, Адлия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси томонидан олиб борилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Жиноят кодексининг тўққиста моддасида экстремистик фаолият учун жазо чоралари кўрсатилган. Ушбу моддалар бўйича энг катта жазо — 20 йил озодликдан маҳрум этиш ҳисобланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги