15:10 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон футболи юлдузларидан бири Қозоғистон клуби билан шартнома имзолади

30.07.2018 14:48 msk

Фарғона

Сервер Жепаров. Championat.asia сайти фотоси
Икки карра Осиёнинг энг яхши футболчиси, Ўзбекистон терма жамоасининг ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров Қозоғистоннинг Талдиқўрғон «Жетису» клуби билан шартнома тузди, деб хабар беради Transfermarkt.

Сервер Жепаров 26 июль куни клубга эркин агент сифатида кириб келди. 35 ёшли футболчи билан “Жетису” ўртасида қанча муддатга шартнома тузилгани маълум эмас. Одатда, ёши етиб қолган футболчилар билан қисқа муддатли шартномалар тузилади. Шартнома мавсум сўнггигача тузилган бўлиши мумкин. Агар ҳамкорлик яхши натижалар берса, у ҳолда шартнома яна бир йилга узайтирилиши мумкин. “Жетису” Жепаров карьерасида Европа қитъасига қарашли биринчи клуб ҳисобланади.

Сўнгги ики йил ичида Жепаров Эронда бўлиб, унинг «Сепахан» ва «Истиқлол» жамоаларида тўп сурди. Transfermarkt маълуотларига кўра, футболчи 500 минг еврога нархланади.

Авваллари Сервер Жепаров Жанубий Кореянинг «Сеул», «Соннам» ва «Ульсан Хендай», шунингдек Саудия Арабистонининг «Ал-Шабаб Эр-Риёд» клубларида ўйнаган. Ўзбекистонда Сервер «Навбаҳор», «Пахтакор», «Бунёдкор» ва Тошкентнинг «Локомотив» жамоалари таркибида ўйин сурган.

Жепаров тўққиз марта Ўзбекистон чемпионати ғолиби бўлган, бир мартадан Жанубий Корея ва Саудия Арабистони чемпиони саналади. 2008 ва 2011 йиллари у Осиёнинг энг яхши футболчиси, деб тан олинган, 2008 ва 2010 йиллари Ўзбекистоннинг энг яхши футбол ўйинчиси, деб эътироф этилган. Жепаров миллий терма жамоа таркибида 126 та ўйинда иштирок этиб, 25 марта рақиб дарвозасига тўп киритган.

Талдиқўрғоннинг «Жетису» клуби шу йили мамлакат Олий лигасига қайтди. Ҳозирги кунда 20 та ўйиндан сўнг жамоа 25 очко билан Қозоғистон чемпионати жадвалининг бешинчи поғонасини эгаллаб турибди ва мавсум якунида Европа Лигасига ўйнаш ният қилади. Эслатиб ўтамиз, «Жетису» эркин агентлар қаторида қозоғистонлик дарвозабон Алмат Бекбаев ва белоруссиялик ярим ҳимоячи Андрей Лебедев билан ҳам шартнома имзолаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги