15:12 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ер участкалари олиб қўйилганда зарарни қопловчи жамғарма тузилади

30.07.2018 13:40 msk

Фарғона

Ўзбекистонда бино бузилиши. Nuz.uz сайти фотоси
Ўзбекистонда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари учун компенсация пули тўлаш билан ҳукумат ҳузуридаги махсус жамғарма шуғулланади. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 27 июль куни имзоланган фармонда мана шу ҳақда сўз боради.

Norma.uz изоҳига кўра, ҳозирда зарарлар икки хил йўл билан қопланмоқда, яъни компенсация пули тортиб олинган ерда жойлашадиган бошқарма ёки ташкилот томонидан, ёки маҳаллий ҳокимият томонидан тўланмоқда. Маҳаллий ҳокимият прогноздан ортиқча тушган маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари, захира жамғармаси ёки хусусийлаштиришдан тушадиган тақсимланадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига зарарни қопламоқда.

Ҳужжатда, жумладан шундай дейилади: “кўчмас мулк объектларини бузиб, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг амалдаги механизмидаги камчиликлар уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келмоқда, тадбиркорлик субъектларининг давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда, шунингдек, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтирмоқда ”.

Энди зарарларни қоплайдиган ягона марказлашган орган тузилади. Фармонга кўра, ҳукумат қошидаги жамғарма икки ой ичида тузилади. У маҳаллий бюджет ва бошқа манбалар ҳисобидан иш юритади. Фармонда, шунингдек, жамғарма билан келишмай туриб ер участкаларини тортиб олиш тақиқланиши ёзилган.

Ўзбекистондаги кўпинча тадбиркор ва оддий фуқаролар ер участкалари тортиб олинганда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайдилар — мамлакат қонунлари ерга нисбатан ҳусусий мулкдорликни инкор қилади. Бундан ташқари, давлат мавҳум ибора бўлмиш “давлат ва жамоат эҳтиёжи” йўлида ерни исталган пайт тортиб олиши мумкин. Бундан икки ҳафта олдин қонун лойиҳалари муҳокамаси порталида президент фармони лойиҳасидаги “давлат ва жамоат эҳтиёжлари” тушунчасига изоҳ бериш талаб этилганди. Ҳужжатга кўра, давлат хавфсизлиги, табиат қўриқхонаси ва эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этилиши учун ерлар тортиб олиниши мумкин. Шунингдек, халқаро шартномаларни бажариш, фойдали қазилма бойликларини ишлаб чиқариш, кўприклар, йўллар, туннеллар, аэропортлар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, аҳоли пунктлари бош режасини амалга ошириш ишларида ерлар тортилиб олиниши мумкин.

Ўтган ҳафта республика Адлия вазирлиги ер участкалари учун компенсация тўлашдаги қонунбузарликлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, 2016–2018 йиллар мобайнида 37 нафар мулкдорга 3 млрд 252 млн сўм миқдоридаги компенсация тўланмаган, 215 нафар мулкдорга эса 15 млрд 67 млн сўм компенсация тўлиқ тўланмаган. Бундан ташқари, 100 та ҳолатда бузилаётган турар жойлар баҳоланмай туриб тўловлар тўланган, 391 та ҳолатда эса уй-жой бузилгандан кейин баҳолаш ишлари ўтказилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги