15:31 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Сомон Эйр» Душанбе-Тошкент йўналиши бўйлаб парвозларини тиклади

30.07.2018 12:01 msk

Фарғона

Somon Air самолёти. Wikipedia.org сайтидан Anna Zvereva фотоси
Тожикистоннинг миллий авиакомпанияси «Сомон Эйр» Душанбе-Тошкент-Душанбе йўналиши бўйлаб парвозларини тиклади, деб хабар беради «Азия-Плюс».

«Сомон Эйр»га қарашли Boeing 737-300 самолёти 28 июль куни Душанбедан Тошкентга қараб парвоз олган. Рейс ҳар ҳафтанинг жума куни амалга оширилади, парвоз вақти - 45 дақиқа.

Компания баёнотида мазкур парвоз «Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳаво алоқаларини ўзаро фойдали ҳамкорликда ривожлантириш мақсадида» амалга оширилаётгани айтилади.

Август ойида «Сомон Эйр» Душанбе-Бухоро-Душанбе рейсини очади. Ҳозирда йўналиш устидан ишлар олиб борилмоқда.

2016 йил Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати 25 йиллик танаффусдан сўнг икки мамлакат ўртасида ҳаво алоқаларини тиклашга келишиб олди. Шу йилнинг 10 февралида Душанбедан Тошкентга биринчи техник рейс амалга оширилди. У Ўзбекистонга тожик авиацияси раҳбарияти, журналистлар ва 14 нафар йўловчини етказиб келди. 20 февраль куни доимий авиапарвозларнинг расмий очилиши белгиланган эди. Бироқ Тошкент аэропорти тожик томонининг керакли ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмагани сабаб Душанбедан парвоз қиладиган самолётни қабул қилмаслигини маълум қилди.

28 июлга қадар Тожикистон ва Ўзбекистонни ягона “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га қарашли самолётлар парвози боғлаб турганди. Баҳорда ўзбек миллий авиакомпанияси рейсларнинг рентабелли эмаслиги сабаб, парвозларни тўхтатиш масаласини кўриб чиқишини эълон қилганди.

Шунга қарамасдан «Сомон Эйр» Душанбе-Самарқанд-Душанбе йўналиши бўйлаб парвозларни йўлга қўйди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги