14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Вебстер университети инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлайди

30.07.2018 11:01 msk

Фарғона

Икки университет ўртасида битим имзоланиши. Uzswlu.uz сайти фотоси
Вебстер университети (Webster University) 2018 йил сентябрь ойидан Ўзбекистонда TESL (Teaching English to Speakers of Other Languages, «Бошқа тилда сўзлашадиган одамларга инглиз тилидан сабоқ бериш») дастури доирасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида академик дастурларини амалга ошира бошлайди. Бу ҳақда республика ТИВ сайтида хабар берилган.

Жаҳон тиллари университети сайтида TESL магистрлик дастурини очиш бўйича битим 26 июлда имзолангани айтилади. «Бу Американинг Марказий Осиёдаги биринчи магистрлик дастури ҳисобланади. Келажакда бошқа соҳаларда ҳам таълим дастурларини амалга ошириш режалаштирилмоқда», – дейилади олий ўқув муассасаси хабарида.

Ўқишга қабул қилиш август ойида бошланади, кирувчилар бакалавр диплом ишининг нотариусда тасдиқланган таржимаси, 6 баллдан кам бўлмаган IELTS якунлари (инглиз тили билимининг халқаро баҳолаш тизими) ва шунга ухшаш билимга баҳо берувчи бошқа ҳалқаро сертификатлар, резюме топширишлари керак. Конкурс АҚШдаги Вебстер университетига ўқишга кириш асносида ўтказилади.

2018–2019 ўқув йиллари инглиз тилидан сабоқ бериш учун 100 нафар талаба ўқитилади. Мигистратура тамомланган сўнг битирувчиларга бутун дунёда тан олинган, кўпгина университет, коллеж ва тил мактабларида, шунингдек хориждаги шу каби ўқув даргоҳларида таълим беришга имкон берадиган диплом топширилади.

Вебстер университетининг вице-президенти Жулиан Шустер TESL дастури «Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги академиялараро ҳамкорликнинг кенгайиши, маданиятлараро мулоқотнинг яхшиланиши»га хизмат қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, TESL дастурларининг тадбиқ этилиши, компьютер технологияси ва бизнес-маъмурийлик дастурлари доирасида онлайн-таълимнинг жорий этилиши Америка университетининг Ўзбекистон маъориф тизимига кириб боришига имкон беради. Университет президенти Элизабет Стробл Ўзбекистонда маориф тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлар экан, ислоҳотлар талабаларга қўшма дастурларда таълим олишга ва ўзаро тан олинадиган хориж дипломига эга бўлишига имкон яратишига урғу берди ва бу жараёнда иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркга ташриф буюрган чоғида Сент-Луис шаҳридаги (Миссури штати) Вебстер университети раҳбарияти билан Ўзбекистонда унинг филиалини очиш борасида битимни имзолаган эди.

Вебстер университети Ўзбекистонда ўз филиалини очаётган биринчи Америка олий ўқув муассасаси бўлиб, у Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат ахборот технологиялари университети, Давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллари институти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги