15:11 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россияда R2 ва Nexia автомобиллари $800 га қимматлашди

27.07.2018 17:35 msk

Фарғона

Ravon R2. Ravon.ru сайти фотоси
Россияда Ravon бренди остида сотилаётган ўзбек автомобилларининг нархлари анча ошган. R2 ва Nexia моделлари 50 минг рублга ($800), Gentra – 20 минг рублга ($320) қимматлашган. R4 седаннинг нархи ўзгармай қолган. Нархларнинг ортиши Ўзбекистон ва Россиядаги миллий валюта курсларининг тебранишларидан келиб чиққан. Шунингдек, Россияда утилизация учун тўлов нархлари ортган, деб хабар беради «Российская газета».

Россияда машиналар утилизациясининг янги ставкаси 2018 йил 1 январда белгиланган эди. Двигатель қувватига қараб айрим енгил автомобиллар учун тўлов 90 фоизга ортган. Шу муносабат билан мутахассислар хориж автомобилларининг нархи кескин кўтарилиб кетишини башорат қилгандилар. Россия автомобилсозлари учун утилизация тўлови давлат томонидан қопланади. Май ойида «Российская газета»си Ravon русумидаги автомобилларнинг нархи 200 минг рублга қимматлашиб кетиши мумкинлигини ёзганди. Лекин амалда бундай бўлмади. Ҳозирги нархларнинг қимматлашуви сўнгги марта юз бераётганига ҳеч ким кафиллик бермайди.

Эндиликда Россияда R2 (Spark) модели минимум 489 минг рублга ($7760), бой комплектацияга эга машина 559 минг рублга ($8870) сотилади. Nexia нархи 499 мингдан ($7920) 599 минг рублгача ($9500), R4 – 529 мингдан ($8400) 659 минг рублгача ($10460), Gentra – 569 минг ($9030) дан 699 минг рублгача ($11100) сотилади.

Россияга экспорт қилинаётган машиналарнинг нархлари ошишига қарамасдан, Ўзбекистоннинг ички бозоридаги мазкур машиналарнинг нархи доимо баланд бўлган. Масалан, минимал комплектацияга эга Chevrolet Spark 64,6 млн сўм ($8280), Chevrolet Nexia эса – 73,7 млн сўм ($9450) туради.

Жорий йилнинг биринчи квартали якунига кўра, Ravon R2 Россиядаги энг арзон хориж машинаси саналган. Седан Nexia ҳам шу рейтингдан ўрин олган. Нархлар ортганидан сўнг, бозорда энг харидоргир машина деб хитойликларнинг Brilliance H230 русумли машинаси тан олинди. У 460 минг рубль ($7300) нархида сотилмоқда.

Бу йили Россияга сотилаётган ўзбек автомобилларининг сони анча камайгани кузатилмоқда. Май ойида дилерлар 508 дона Ravon машинасини (2017 йил май ойида 1219 дона сотилган) сотганлар, июнь ойи ичида эса ушбу русумдаги бирорта машина сотилмаган.

Июнь ойи охирида ўзбек автомобилсозлик саноати раҳабариятида ўзгаришлар юз берди. «Ўзавтосаноат» акциянерлик компаниясининг раҳбари Умиджон Салимов ишдаги камчилик ва коррупциянинг авж олгани сабаб ишдан бўшатилди ва унинг ўрнига Ўзбекистон Бош прокуратурасининг собиқ ходими Шавкат Умурзоқов тайинланди.

Бундан бир неча кун олдин президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий технологиялар қўлланилмаётгани сабаб автомобилсозлик саноатини кескин танқид қилди. «Бизлар автомобиль ишлаб чиқаряпмиз деб фахрланамиз, аслида бизда уларни йиғиш ишлари амалга оширилади. Биринчи автозавод бундан 20 йил олдин қурилган. Лекин ҳанузгача эҳтиёж қисларини хориждан сотиб оламиз. Савол туғилади: илм-фан, унинг ютуқларини амалда тадбиқ этадиган корхоналар қани?» - деб Мирзиёев олимларга мурожаат қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги