15:12 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги биринчи SkyPower Global гелиостанцияси Самарқандда қурилади

27.07.2018 16:19 msk

Фарғона

SkyPower Global лойиҳаларидан бири. Компания сайти фотоси
Канаданинг SkyPower Global компанияси Самарқанд вилоятида қуёшли электр станциясини қуришни бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 2018-2019 йиллари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги қарорига таянган ҳолда Spot хабар беради.

Станция вилоятнинг Пастдарғом туманида 2019-2020 йиллари қурилади. Лойиҳа қиймати $130 млн бўлиб, 2019 йили унинг $5 млн ўзлаштирилади. Бу станция SkyPower Global компаниясининг Ўзбекистонда қуёшли электр станцияларини барпо этиш бўйича амалга оширадиган улкан лойиҳасининг биринчи қисмини ташкил этади.

«Ўзбекэнерго» ва SkyPower ўртасидаги битимга кўра, хориж инвестори бутун мамлакат бўйлаб қуёшли электр станциялари тармоқларини барпо этади. Инвестициянинг умумий миқдори $1,3 млрд ташкил этади. SkyPower компанияси ходимларининг таъкидлашича, бу Ўзбекистон тарихида тўғридан-тўғри жалб қилинган энг катта инвестиция лойиҳаси ҳисобланади. Эндиликда Ўзбекистон ҳукумати илк бор ҳусусий ва хориж ишлаб чиқарувчиларидан электр энергиясини сотиб олади. Лойиҳа мамлакат иқтисодиётига $2,9 млрд даромад келтириб, минглаб ишчи ўринларини яратиш имконини беради. Лойиҳа тўлиқ қувватга тушганда, у Ўзбекистондаги жами электр энергиясининг 10 фоизини ишлаб чиқаради.

Пастдарғомдаги станция қурилганидан сўнг, SkyPower яна 200, 300 ва 400 МВт қувватга эга учта станцияни қуради ва бу ишларга $260 млн.дан $350 млн.гача маблағ сарфлайди. Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида станциялар қурилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати Самарқандда фотоэлектр станциясини қуриш режасини 2914 йили маълум қилганди. Қурилиш қиймати $275,8 млн бўлган тендерни хитойликларнинг Zhuhai Singyes Green Building Technology компанияси ютиб чиққанди. Станция 2019 йили ишга тушиши керак эди. Лекин қурилиш бошланганидан бир ой вақт ўтиб, қурилиш ишлари тўхтатилди ва лойиҳа қайтадан мукаммал ишлаб чиқиладиган бўлди.

Ўзбекистонда қуёшли электр станцияларини қуришдан ташқари бошқа муқобил электр манбаларини яратиш устида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Президентнинг мазкур қарорида Навоий вилоятининг Зарафшон туманида шамол электр станциясини қуриш режалаштирилгани ҳақида сўз юритилади. Лойиҳа 2019-2020 йиллари амалга оширилади ва унинг қиймати $100 млн ташкил этади. Кейинги йил мазкур сумманинг $5 млн ўзлаштирилади. Лойиҳани немис компанияси Siemens Gamesa молиялаштиради. 2017 йил ноябрь ойида “Ўзбекэнерго” ва немисларнинг “Миллий электрни тежаш компанияси” бу борада битим имзолаганлар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги