14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси XVIII Осиё ўйинларида қатнашадиган футболчилар таркибини эълон қилди

26.07.2018 16:46 msk

Фарғона

Ўзбекистон футболчилари терма жамоаси. Sports.uz сайти фотоси
Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош тренери Равшан Ҳайдаров Осиё ўйинлари-2018 да иштирок этадиган футболчиларни саралади. Миллий команда таркиби Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг сайтида эълон қилинган.

Равшан Ҳайдаров терма жамоага 23 нафар футболчини таклиф қилди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон терма жамоаси ғолиб келган Хитойда ўтказилган 2018 йил Осиё чемпионатида иштирок этганлар. Мудофаа ва ҳужум линиясига ўзгартиришлар киритилмаган. Ҳайдаров ярим ҳимоядаги бешта ўйинчини алмаштирди. Шунингдек, Осиё ўйинларига учта ўрнига, иккита дарвазабон боради. Бундан ташқари бош тренер 23 ёшдан юқори бўлган учта ўйинчини таклиф қилиш имкониятидан фойдаланди. Тренер ярим ҳимоячи Икром Алибоев (1994 йилда туғилган) ва Жамолиддин Машарипов (1993 йили туғилган)ни жамоага таклиф қилди. Таркибда Махачқалъанинг “Анжи” жамоасидаги ярим ҳимоячилар етакчиси Достон Ҳамдамов йўқ. Бу ҳолат июль ойи охирида Россия чемпионати бошланиши билан изоҳланиши мумкин.

Дарвозабонлар:Ботирали Эргашев Раҳимжон Давронов

Ҳимоячилар: Рустамжон Ашурматов, Ҳожиакбар Алижонов, Достонбек Турсунов, Акрамжон Комилов, Аббосжон Отахонов, Исломжон Қобилов

Ярим ҳимоячилар: Хуршид Ғиёсов, Азизжон Ғаниев, Жасурбек Яхшибоев, Жавоҳир Сидиқов, Икромжон Алибоев, Азизбек Турғунбоев, Жалолиддин Машарипов, Дониёржон Нарзуллаев, Одилжон Ҳамробеков

Ҳужумчилар: Бобир Абдиҳолиқов, Забиҳилло Ўринбоев, Андрей Сидоров

Шуни айтиш лозим, кўпчилик ўйинчилар Ўзбекистон бош терма жамоаси учун ўйнайдилар. Мазкур таркибдан 16 нафар футболчи шу йилнинг июнь ойида Уругвайга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида миллий терма жамоа таркибида ўйин сурган.

Осиё ўйинлари - 2018 гуруҳ ўйинларида ўзбекистонликлар Таиланд, Бангладеш ва Қатар терма жамоалари билан беллашадилар. Плей-оффга чиқиш учун Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги иккита биринчи ўриннинг бирини эгаллаши лозим. Турнир 14 августдан 1 сентябрга қадар Жакарта ва Палембанге шаҳрида ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон футбол терма жамоаси 1994 йили Осиё ўйинлари чемпиони бўлган.

Осиё ўйинлари ҳар тўрт йилда бир марта уюштирилади ва у 1951 йилдан бери Осиё минтақасининг барча мамлакатлари спортчилари иштирокида ўтказилиб келади. Ўйинлар Осиё Олимпия кенгаши раҳнамолиги ва Халқаро Олимпия қўмитаси назорати остида ўтказилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги