23:57 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда собиқ МХХ тергов бошқармаси раҳбари қидирувга берилган

26.07.2018 15:37 msk

Фарғона

Ўзбекистон Бош прокуратураси собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирда Давлат хавфсизлик хизмати) тергов бошқармасининг бошлиғи Олег Бусигинни қидирувга берди. Бу ҳақда “Фарғона”нинг манбалари хабар беради.

Собиқ МХХ бош терговчисига нисбатан жиноий иш 2018 йил 9 июнда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари тавсияси ва Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнаобод туман суди томонидан қўзғатилган. Бусигин таҳдид қилиш ва шантаж йўли билан “Туркистон” ҳусусий акционер-тижорат банки муассиси Рустам Ҳуснуддиновдан $300 минг олганликда айбланади. Ҳужжатларга кўра, Бусигин бу пулларни Абдулла Мусаев орқали олган. Мусаев ҳам МХХ терговчиларидан бири бўлиши мумкин.


Олег Бусигинни ҳибсга олиш тўғрисида қарор

Суд «Олег Бусигинни топиш, ушлаш ва ИИВга қарашли УЯ-64/СИ-1га жойлаштириш» (“Тоштурма”) тўғрисида ҳукм чиқарган. «Фарғона» маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Бусигинни Россия Федерациясида яширинган, деб таҳмин қиладилар.

48 ёшли Олег Бусигин Москвада туғилган. У 2008 йили «Жасорат» медали билан тақдирланган. Бусигин 2011 йил март ойида Тошкентдаги Turkuaz савдо маркази эгалари бўлган Туркия фуқароларини қўлга олишда иштирок этган. У 2012 йилдан 2017 йилга қадар Ўзбекистон МХХ Тергов бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаган. 2017 йил декабрь ойида “саломатлик ҳолати” туфайли ихтиёрий равишда ишдан бўшаган.

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев президент бўлиб сайланганидан кейин кучлар тизимида «тозалаш» ишлари бошланди. Ўтган йил август ойида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари генерал Шуҳрат Ғуломов қурол- аслаҳа контрабандаси, ноқонуний даромадларни четга чиқариш айблари билан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шу йилнинг январь ойида МХХ раиси Рустам Иноятов эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.

Февраль ойида Тошкент ҳарбий суди собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг катта терговчиси подполковник Нодирбек Тўрақуловни ҳисбга олди. Маълумки, у журналист Бобомурод Абдуллаев иши билан шуғулланган. Терговчи мансабини суиистеъмол қилиш ва айбсиз шахсни жавобгарликка тортишда айбланади. Март ойида Тўрақуловнинг Сурхондарё вилоятида жиноий гуруҳ ташкил этганликда гумон қилинаётига доир хабарлар пайдо бўлди. Март ойининг ўрталарида эса президент Шавкат Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизматини Давлат хавфсизлик хизматига ўзгартириш тўғрисида фармон чиқарди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги