15:12 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Японлар Тошкентда зилзилага бардошли осмонўпар бино қурадилар

26.07.2018 13:09 msk

Фарғона

Осмонўпар бинолардан бирининг лойиҳаси. Tashkent Cityнинг Facebook саҳифасидаги иллюстрация
Японларнинг Nihon Sekkei лойиҳа компанияси Ўзбекистонда илк бор қуриладиган осмонўпар бино конструкцияси устидан иш бошлади. Бу ҳақда қурилаётган «Тошкент Сити» комплексининг Facebook даги саҳифасида хабар берилади.

Осмонўпар бино қурилиши билан маҳаллий Murad Buildings компанияси шуғулланади. Бино «Тошкент Сити» мажмуасининг 1,5 гектар майдонини эгаллайди. Бинонинг баландлиги 200 метрни ташкил этиб, 45 қаватдан иборат бўлади. Бинодан халқаро беш юлдузли Ritz Carlton меҳмонхонаси, бизнес-марказлар, бутиклар ўрин олади. Бинонинг энг устки қаватида атрофни томоша қиладиган ресторан жойлашади.

Ўзбекистон фаол сейсмик минтақада жойлашгани сабаб, лойиҳачилар бинонинг мустаҳкамлигига алоҳида эътибор берадилар. Қурилиш жараёнини бошқариш ва унинг сифатини назорат қилиш билан французларнинг Bureau Veritas компанияси, бино дизайни билан DP Architects халқаро архитектура бюроси шуғулланади. Ҳозирда бўлажак қурилиш майдонида геологик тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бино қурилиши 2018 йил ноябрь ойида бошланади.

Тошкентда энг кучли зилзила 1966 йил 26 апрелда рўй берган. Шаҳар марказининг катта қисмидаги бинолар вайрон бўлиб, марказ деярли вайронага айланган. Зилзила чоғи горизонтал ер тебранишларини юз бергани боис ҳатто айрим эски бинолар ҳам сақланиб қолган. Шунинг учун қурбонлар сони кўп бўлмаган. Зилзиладан саккиз нафар одам халок бўлган, юзлаб одамлар шикастланганлар. Бироқ, 300 мингдан ортиқ тошкентликлар бошпанасиз қолганлар. Шаҳар 3,5 йил ичида қайта тикланган.

Японияда ҳам тез-тез зилзилалар содир бўлиши сабаб, азалдан маҳаллий муҳандислар сейсмик бақувват уйларни лойиҳалаштириш ишлари билан шуғулланадилар. Мана шундай бинолардан бири – «Империал» отели Токиода 1915 йили қурилган. У 1923 йили Япония пойтахтида содир бўлган кучли зилзиладан сўнг омон қолган ягона бино ҳисобланади. 2003 йили Токиода 8,5 магнитуда зилзиласига бардош бера оладиган 238 метрли Mori Tower осмонўпар биноси қурилди. Амалда эса, бино 2011 йили содир бўлган 9,5 магнитудали зилзилага ҳам бардош беролди.

Гап фақат сейсмологиядагина эмас. 2015 йил архитектор Александр Куранов Vot нашрига Тошкентда нега осмонўпар бинолари қурилмаётганига изоҳ беради. «Тошкентда бўш жойлар сероб, осмонўпар бинолар эса ер танқис бўлган шаҳарларда бунёд этилади» - дейди у. Шунингдек, «осмонўпар бинолар фақат меҳмонлар учун, шаҳарда машина ҳайдовчиларнинг мўлжал олиши учунгина муҳим» - деб таъкидлайди архитектор. Тошкентда баланд миноралар мавжуд: янги (375 метр) ва эски (150 метрдан юқори) телеминора. Агар бинолар баландлиги шаҳар майдони ҳажмига бўлинса, у ҳолда Тошкентдаги биноларнинг ўртача баландлиги бир-икки қаватга тўғри келади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги