14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ва Белоруссия ҳамкорликда тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш бўйича музокаралар бошлади

26.07.2018 11:37 msk

Фарғона

Ярани тез битказадиган асбоб. Nogi.guru сайти фотоси
Ўзбекистон ва Белоруссия биргаликда тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Белоруссия соғлиқни сақлаш вазирлигининг иқтисод ва маркетинг бошқармаси бошлиғи Виктор Шеин матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради «БелНовости» портали. Шеиннинг сўзларига кўра, «Белфармпром» холдинги раҳбариятидан иборат делегация Ўзбекистонда бу борада музокаралар олиб бормоқда.

Музокараларда қатнашаётган «Фребор» корхонаси инфуз-трансфузияли система, қон қуйиш жиҳози, зондлар, дренаж буюмлари ва бошқа тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаришга мослашган, деб аниқлик киритади БелТА.

Яқин келажакда унинг бир қисм қуввати Ўзбекистонга кўчирилади ва у ерда қўшма корхона барпо этилади. Белоруссия бу каби корхоналарни Грузия ва Тожикистонда ҳам очишни режалаштирмоқда.

Йил бошида Андижон вилояти ҳокимияти Ҳиндистон билан эркин фармацевтика ҳудудини ташкил этишга келишиб олди ва апрель ойида Андижонда инсулин ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёдаги ягона корхона ишга туширилди.

Шу билан бирга бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон ҳукумати дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини осонлаштиришга уринмоқда. Май ойида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда электрон тижоратини ривожлантиришга доир дастурни тасдиқлади. Бу дастур интернет дўконлари орқали дори-дармонлар билан савдо қилинишига рухсат беради. Июнь ойида эса президент ўз қарори билан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларига белгиланган қатьий нархларни бекор қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги