00:02 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қўқон педагогика институти Ўзбекистондаги энг ёмон олий таълим муассаси деб топилди

19.07.2018 16:15 msk

Фарғона

Ўзбекистон Миллий универститети биноси. Review.uz сайти фотоси
Ўзбекистонда ОТМ рейтинги тузилди. Мамлакатнинг энг яхши ўқув юрти деб Ўзбекистон Миллий университети топилган, энг ёмони эса – Қўқон педагогика институти саналган. Рейтинг Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тузилган.

Рейтингда жами бўлиб 57 олий таълим муассасаси иштирок этган. У 23 хил кўрсатгич бўйича тузилган. Рейтингда, жумладан, талабаларга дарс бериш, ўқув методик ишлар сифати, таълим, професссор-педагоглар таркиби, илмий-тадқиқот фаолияти, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишлари ҳисобга олинган. Олийгоҳлар март ойидан июнга қадар ўрганилган.

Ўзбекистон Миллий университетидан ташқари ўнликка қуйидаги таълим муассасалари кирган:

2. Тошкент давлат шарқшунослик институти

3. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти

4.Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти

5.Самарқанд давлат университети

6.Тошкент тиббиёт академияси

7.Тошкент давлат стоматология институти

8.Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

9.Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти

10. Тошкент ахборот технологиялари университети.

Рейтингда қуйи поғонани эгаллаган 10 та олий таълим муассасалари рўйхати:

48.Наманган муҳандислик-технология институти

49.Навоий давлат педагогика институти

50.Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти

51.Қарши давлат университети

52.Жиззах политехника институти

53.Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти

54.Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

55.Миллий рассомлик ва дизайн институти

56. Жиззах давлат педагогика институти.

Бундан беш олдин Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари рейтинги тузилганди. Ўшанда бу иш билан Давлат тест маркази шуғулланганди. Бу йилги каби, 2012 йил ҳам Ўзбекистон Миллий университети мамлакатнинг энг яхши таълим муассасаси деб топилганди. 2017 йил натижаларига кўра, Ўзбекисон Давлат жаҳон тиллари университети 8 - ўринни эгаллаган, ҳолбуки мазкур ўқув даргоҳи 2012 йили 37 - ўринни эгаллаганди. Яна бир янгилик — Тошкент стоматология институти. Аввалги рейтингда унинг номи бўлмаган, чунки ўқув юрти 2014 йили ташкил топганди. Ҳозирда у 7 ўринни эгаллаб турибди.

Давлат тест маркази маълумотларига кўра, бу йил энг кўп абитуриентлар ҳужжат топширган ўнта ОТМ рейтинг бошини Самарқанд Давлат университети (28,7 мингта ариза) эгаллаган. Кейинги ўринларни Қарши (30,9 мингта ариза) ва Фарғона (27,7 мингта ариза) Давлат университетлари эгаллаган.

Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали (бир ўринга 23.2 одам), Андижон машинасозлик институти (бир ўринга 18,3 одам) ва Тошкент Давлат техника университетининг Термиз филиали (бир ўринга 17,6 одам)га бўлган конкурслар энг юқори бўлган.

2018 йили Ўзбекистонда жами 675 минг абитуриент ўқишга ҳужжат топширган. Бу ўтган йилга қараганда 54 минг кам одам демакдир.

Бундан олдин республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўзбек олий ўқув юртларини Times Higher Education World University Rankings халқаро рейтинглар рўйхатига киритишга уринишини маълум қилганди. Вазирлик март ойида Scopus платформаси асосида рейтинг тузиш билан шуғулланадиган Elsevier компанияси билан келишув имзолаган. Июнь ойида вазир Иномжон Мажидов THE нашри ва Elsevier компанияси билан истиқболдаги ҳамкорлик борасида музокаралар ўтказди.

Бунгача, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти 2014 йили эълон қилинган МДҲ давлатларидаги энг яхши олий ўқув юртлари рейтингининг D категориясидан ўрин олганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги