14:54 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонда милиционерлар текширувдан ўтказилмоқда

19.07.2018 14:44 msk

Фарғона

Repost.uz сайтидаги видеотасвирдан лавҳа
Андижон вилоятининг Бўз тумани ички ишлар бўлимида ёш йигитларга нисбатан қўполлик қилган ходимларга нисбатан хизмат текширувлари бошланган, деб хабар беради Repost.uz.

Видеотасвирга олинган милиционерларга нисбатан “мансабни суиистеъмол қилиш” айби қўйилган. Тасдирдаги барча милиция ходимлари аниқланган ва улар сўроқ қилинган. Текширув ишларининг бир неча кунга давом этиши кутилмоқда.

Милиционерлар иштирокидаги ҳунук воқеа 17 июль куни содир бўлган. Орган ходимлари соат 22.00 дан сўнг стадиондан қайтаётган ёш йигитларни тўхтатиб, бўлимга олиб келишади. Repost.uz тақдим қилган видеотасвирда милиционерларнинг ёш йигитларни таҳқирлаб, сўкаётгани, “онаси”дан келиб сўкинмаслигини сўраган йигитга нисбатан куч ишлатаётгани аниқ кўрсатилган.

Нашр маълумотига кўра, милиционерлар болаларни жамоат тартибини бузганликда айблаганлар. Марҳум президент Ислом Каримов даврида ҳам орган ходимлари тунда сайр қилиб юрган одамларни қўлга олишган. Масалан, ОАВ хабарларидан шу нарса маълумки, 2015 йили август ойида милиционерлар Самарқанд шаҳридаги тунги клубларга рейд уюштириб, 400 га яқин одамни қўлга оладилар. Тошкент милиционерлари эса ўзларича “комендантлик соати”ни жорий қилиб, ижарадаги барча уйларни текширишган, кўчадаги одамларни текшириш мақсадида милиция бўлимларига келтиришган. Мазкур амалиёт Шавкат Мирзиёев президентлик қила бошлаганидан кейин ҳам сақлаб қолинди. 2017 йил октябрда Фарғона шаҳрида интернет-кафе, караоке-клубларида дам олаётган 100 дан ортиқ одамлар бўлимларга текширув учун келтирилади. Ўтган йили Қашқадарёда соат 22.00 дан сўнг одамларнинг сайр қилишини чеклаган.

2017 йил сўнггида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов мамлакатда халқ ишончини қозонадиган инсонпарвар тартибни сақлаш тизими яратилишини ваъда қилганди. Лекин матбуотда тез-тез қўлга олинган одамларга нисбатан милиционерларнинг қўпол муомалада бўлаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлмоқда. Кейинги кунларда жамоатчилик ғазабини келтирган воқеа Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани милициясида содир бўлди. У ерда милиция майори қўлга олинган аёлни тўлиқ ечинишга мажбур қилади ва бу ҳолатни видеога олади. Ушбу резонансли воқеадан сўнг ўтказилган текширувлар оқибатида саккизта орган ходими ишдан бўшатилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги