00:24 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонлик милиционерларнинг қўпол муомаласи видеога олинган

18.07.2018 15:56 msk

Фарғона

Repost.uz сайти видетасвиридан лавҳа
Андижон вилояти Бўз туманининг ички ишлар ходимлари соат 22.00 дан сўнг кўчада юрган ёш йигитларни текширадилар. Сўроқ пайти милиционерлар йигитларни ҳақорат қилиб, айримларига нисбатан куч ишлатадилар. Мазкур воқеанинг видеотасвири Repost.uz сайтида эълон қилинган.

Нашрнинг билдиришича, ёш йигитлар футбол ўйнаб, стадионни тарк этишади. Кўчада уларни хизмат автобусидаги патруль хизматчилари ушлайдилар ва уларни шахсни аниқлаш учун милиция бўлимига келтирадилар.

Сўроқ ички ишлар бўлими биноси олдида ўтказилади. Гувоҳларнинг айтишича, милиция ходимлари йигитларни жамоат тартибини бузаётганликда айблаб, уларнинг «онаси»дан келиб сўкканлар. Қўлга олинган болалардан бири бунга нисбатан эътироз билдирганида, уни куч билан бинога олиб киришмоқчи бўладилар. Шунингдек, милиционерлар текширув пайти сафдан соқол қўйган йигитлар олдинга чиқишига буйруқ беради. Лекин, бу пайт видеотасвирга тушмаган. Воқеа нима билан тугагани номаълум.

«Озодлик», радиоси маълумотларига кўра, Ўзбекистон марказий телевидениесида соқолли инсонларни кўрсатиш ман этилган. «Маданият ва маърифат» канали диний мавзудаги кўрсатувлар, жумладан «Қуръони каримни ўрганамиз» дастурини эфирга узатишни тўхтатган. «Бизда диний мавзудаги кўрсатувлар тўхтатилган ва соқолли одамларни эфирга чиқармаймиз. Энди имомлар кўрсатувларга таклиф қилинмайди», - дейди исми айтилмаслигини илтимос қилган телеканал ходими.

Ўтган йил сўнггида Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов мамлакатда халқ ишончини оқлайдиган инсонпарвар куч тизимлари барпо этилишини таъкидлаганди. Лекин ҳозирча республикада ички ишлар органи ходимларининг мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатлари тез-тез кўзга ташланяпти. Июнь бошида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туман ички ишлар ходими Санъат Умаровнинг сўроқ пайтида аёл кишини ялонғоч ҳолатгача ечинтиришга мажбур қилгани ва буни видеога олгани воқеаси жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлганди. Милиция майори Умаров ишдан бўшатилиб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Тунда сайр қилиб юрган одамларни милиция ходимлари томонидан қўлга олиниши Ўзбекистонда одатий ҳолга айланган. Масалан, ўтган йил октябрь ойида Фарғона шаҳри милиционерлари ресторан ва кафеларга рейд ўтказиб, юздан ортиқ одамларни милиция бўлимига келтирадилар. Ички ишлар бўлимида улардан бармоқ изларини олиб, уят гаплар билан сўкадилар ва бошқа тунда юрмасликларини айтиб, қўйиб юборадилар. Бу амалиётга икки соат вақт кетади.

2018 йил май ойида Қашқадарё вилоятининг маҳаллий ҳукумат органлари кафе ва ресторанларни соат 22.00 дан кейин ишлашини тақиқлайди. «Соат 22.00 дан кейин кўчага ким чиқади? Фақат безорилар. Кейин улар кафега кириб ичишади, сўнг безорилик қилишади. Бизнинг ходимларимиз одамларнинг кечаси нимага юрганлиги сабабларини аниқлайдилар. Буларнинг барчаси жамоат тартибини сақлаш мақсадида қилинмоқда», – дея вилоят ички ишлар бўлимида ҳокимият қарорига изоҳ берганлар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги