23:56 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондан Иссиқ-кўлга бўлган авиапарвозлар бекор қилинди

18.07.2018 15:12 msk

Фарғона

«Иссиқ -кўл»даги аэропорт. Knews.kg сайти фотоси
Тошкентдан Қирғизистоннинг Тамчи аҳоли пунктидаги «Иссиқ-кўл» аэропортига режалаштирилган авиапарвозлар бекор қилинди. Бу ҳақжа 18 июль куни KaktusMedia нашри хабар беради.

Тошкентлик аёл журналистларга Тамчи учун авиачипта олиш учун Diplomatic Vip & Travel компаниясига мурожаат қилганини айтади. Унга рейс бекор қилингани ва қачон тикланиши номаълумлигини айтишган. Журналистлар бу ҳодиса юзасидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига мурожаат қилишади. Компания ҳам рейс бекор қилинганини тасдиқлаган. Авиакомпания вакилининг сўзларига кўра, рейс қайта тикланмаслиги мумкин.

Рейснинг бекор қилиниш сабаби ошкор этилмайди. Журналистлар суҳбатлашган тошкентлик аёлнинг фикрича, рейс талабгор йўловчилар бўлмагани сабаб бекор қилинган бўлиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, тошкентликлар Иссиқ -кўлга автобусда боришга кўникишган, бундан ташқари яқинда у ерга поезд қатнови ҳам тикланган. Бу йўл самолётга қараганда анча арзон туради.

Янгидан таъмирланган «Иссиқ-кўл» аэропорти 2018 йил 29 июнда Ўш шаҳридан биринчи рейс самолётни қабул қилганди. Олма-Отадан биринчи халқаро рейс 3 июль куни уюштирилди. 4 июль куни Тамчига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг биринчи самолёти қўнди. Рейс чартер бўлиб, уни ўзбек томонидан Diplomatic Vip & Travel туристик компанияси, қирғиз томонидан Logos Travel компанияси уюштирганди. Самолётни тантанали равишда дипломатлар, раҳбарлар ва журналистлар кутиб олгандилар. Келажакда Тошкент-Тамчи-Тошкент авиарейслари ҳафтанинг сешанба кунлари амалга оширилиши, самолётлар бортга 190 тагача йўловчи қабул қилиши режалаштирилганди.

24.Kg журналистлари 5 июлданоқ лойиҳанинг истиқболли бўлишига шубҳа билдиргандилар. Улар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» сайтида Тошкент-Тамчи-Тошкент рейсига доир бирорта маълумот берилмаганига эътибор бергандилар. Авиакомпанияда рейс чартер бўлиб, унинг уюштирилишига Diplomatic Vip & Travel туристик компанияси жавоб беришини таъкидлашган. Фирма сайтида Иссиқ-кўлга бўлган турлар $380-505 баҳосида кўрсатилган ва бунга парвоз ҳаражати ҳам қўшилган. Журналистлар билан суҳбатда компания вакили Иссиқ-кўлгача авиачипта сотиб олиш мумкинлиги, унинг баҳоси $340 бўлиши, қайтишга– в $120 бўлишини айтган.

Бишкекнинг «Манас» аэропорти ходимлари Тошкентдан Иссиқ-кўлга бўлган аиварейслар Green Tour Service фирмаси уюштиришини таъкидлаганлар, лекин фирма билан боғланиш контактлари топилмаган.

«Иссиқ-кўл» аэропорти 1975 йилдан захира аэропорти сифатида фойдаланиб келинган. Кейинги йиллар у ерда кенг кўламда реконструкция ишлари амалга оширилди ва аэропорт “халқаро” мақомига эга бўлди. Қирғиз ҳукумати авиапарвозлар Иссиқ-кўл туризмининг ривожланишига ҳисса қўшади, деб ҳисоблаганди. Бундан ташқари, Тошкентдан уюштирилган парвоз икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланаётганидан дарак, деб қабул қилинганди. Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида авиапарвозлар 25 йиллик танаффусдан сўнг 2017 йили яна йўлга қўйилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги