14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россиядан импорт қилинаётган уран сарҳисоб қилиниши мумкин

18.07.2018 10:55 msk

Фарғона

Бойитилган уран наъмунаси. Doe.gov сайти фотоси
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти хориждан импорт қилинаётган уран моддаси миллий хавфсизлик манфаатига путур етказмаётганини текшириб кўришни режалаштирган. Текширувлар якунида АҚШда уран импортига нисбатан тўловлар солиниши мумкин, деб хабар беради Bloomberg агентлиги ўзининг бир неча манбаларига таянган ҳолда.

Бу борада текширувлар ўтказилишини Ur-Energy Inc ва Energy Fuels Inc каби америка компаниялари талаб қилган. Улар шу йилнинг январь ойида АҚШ Савдо вазирлигига четдан уран моддасини сотиб олишни камайтириш борасида норозилик нотасини юборганлар. Унда айтилишича, 2017 йили АҚШда уран қазиб чиқариш тарихий минимум даражасига тушиб кетган. Бу ҳолат четдан хом-ашё сотиб олинишининг кўпайтирилгани боис юз берганлиги айтилади. Маълумки, Америка уран моддасини асосан Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан сотиб олади. Шу сабаб петиция муаллифлари 1962 йилги савдони кенгаштириш борасидаги қонуннинг 232- моддаси бўйича текширувлар ўтказилишини сўраганлар. Бу модда, агар “миллий хавфсизлик манфаатлари”га зид келган тақдирда, президентга чет эл мамлакатлари билан олиб бориладиган савдога чекловлар қўйиш ҳуқуқини беради. Аввали АҚШ ҳукумати айнан мана шу қонунга асосланиб пўлат ва алюминий импортига нисбатан тўловлар жорий қилганди.

Текширувлар қачон бошланиши ҳозирча номаълум. Июнь ойида АҚШ Савдо вазири Уилбур Росс Конгрессда молиявий ҳолат бўйича ҳисобот бераркан, президент маъмурияти мамлкатга уран импортига нисбатан зарур чоралар кўриш масаласини муҳокама қилаётганини таъкидлаган.

АҚШ атом электр станциялари учун 2013 йилдан 2017 йилгача уран етказиб берган мамлакатлар рўйхати. EIA докладидаги графика

АҚШ дунёда энг кўп уран моддасини истеъмол қиладиган давлат ҳисобланади. Америкалик уран ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳозирда мамлакат эҳтиёжининг 5 фоизини қоплай олади. Мамлакат Россия, Қозоғистон, Канада, Австралия ва Ўзбекистондан уран сотиб олади. Америкалик компаниялар ички бозорни 25 фоизгача уран билан таъминлаш борасида квотани қўлга киритишни мўлжалламоқдалар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги