14:53 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон элчихонаси Москва қамоқхонасида очлик эълон қилган тошкентлик йигит иши билан шуғуллана бошлади

17.07.2018 15:14 msk

Фарғона

Маъруфжон Шакаров. Ижтимоий тармоқлардаги сурат
Ўзбекистон элчихонаси «Матросская тишина» қамоқхонасида гиёҳванд моддаларини сақлаганлик айби билан жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Шакаровга консуллик-ҳуқуқий ёрдам бермоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташки ишлар вазирлигининг консуллик-ҳуқуқий департаменти вазирлик сайтида хабар беради.

Шакаров 2017 йили Москва фуқаро авиацияси институтига кириш учун Россия пойтахтига келади ва полиция ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, кейинчалик Преображенский район суди томонидан гиёҳванд моддаларни сақлаганлик ва тарқатганлик айби билан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бироқ, 14 июнь куни Москва шаҳар суди моддани ўзгартириб, қамоқ муддатини беш йилга камайтиради. ТИВ хабарига кўра, бу Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси консуллик бўлимининг аралашувидан сўнг содир бўлган.

Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, 14 июль куни элчихона ходими «Матросская тишина» раҳбарияти билан телефон орқали суҳбат ўтказган ва шунда Шакаровнинг очлик эълон қилгани маълум бўлган. Лекин «Московский комсомолец» газетаси 12 июль куни Шакаров бир ойдан бери очлик эълон қилиб ётгани ҳақида ёзганди.

«Шакаровнинг очлик эълон қилгани муносати билан у тартибга кўра, туну-кун видео назоратидаги ёлғиз камерага олиб ўтилган. Ҳар куни СИЗО раҳбарияти у билан суҳбат уюштирмоқда, врач унинг саломатлигини текширмоқда. Шакаровга тезкор тиббий ёрдам бериш зарурияти йўқ», - дейилади ТИВ хабарида. Лекин “МК” мақоласида Шакаров очлик туфайли ҳолсизланиб, гапиришга ҳам мадори йўқлиги ҳақида ёзилганди.

Ташқи ишлар вазирлиги яқин орада Шакаровга онаси ва ҳоласи, жумладан, консуллик ходими билан ҳам учрашишга имконият берилиши ҳақида хабар беради. «Элчихонанинг консуллик бўлими мазкур масалани ўз назорати остига олган», - дейди ташкилотнинг матбуот хизмати.

Бундан олдин Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Алишер Қодиров Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга Шакаров масаласида ёрдам бериши ҳақида мурожаат қилганди.

Маъруфжон Шакаров тарихи ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи ўзбекистонликларни жунбушга келтирди. Одамлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, ТИВ ва Россиядаги Ўзбекистон элчихонасини лоқайдликда айблаб, кескин танқид остига олдилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги